Гулистон ғаллакорлари зафар қучишди
Гулистон тумани ғаллакорлари 2026 йил ҳосили учун белгиланган давлат хариди режасини вилоятда биринчи бўлиб ортиғи билан бажариб, навбатдаги меҳнат зафарига эришдилар. Бу ютуқ нафақат туман аҳлининг, балки бутун вилоят қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларининг юксак кайфиятига сабаб бўлди.
Маълумотларга кўра, туманда фаолият юритаётган 308 та фермер хўжалиги томонидан 7 минг гектардан ортиқ майдонда етиштирилган ғалладан мўл ҳосил олинди. Натижада қабул пунктларига 20 минг тоннадан зиёд сифатли дон топширилди. Ўртача ҳосилдорлик гектарига 40 центнерни ташкил этди. Бу кўрсаткичлар деҳқонларнинг самарали меҳнати, илғор агротехнологиялар ва замонавий аграр ёндашувларнинг самарали натижасидир.
Айниқса, “Боғишамол агро сервис”, “Жасур Сардор файзи”, “Машраб ота”, “Ғайрат”, “Умид Юлдуз баракаси”, “Ватан”, “Озодбек Нурбек ҳамкор”, “Мега Макс ҳамкор” ҳамда “Фурқат ҳамкор” фермер хўжаликлари юқори натижаларга эришди. Ушбу хўжаликларда ҳар гектардан 95–100 центнергача дон ҳосили олиниб, туманнинг умумий ютуғига муносиб ҳисса қўшилди.

— Бугунги меҳнат зафари туманимиз ғаллакорларининг азму шижоати, ерга меҳри ва юксак масъулияти самарасидир. Бу ютуқда ҳар бир фермер, механизатор, агроном ва соҳа мутахассисларининг муносиб ҳиссаси бор. Эришилган натижа билан чекланиб қолмасдан, ҳосилни сифатли ва қисқа муддатларда йиғиштириб олиш, такрорий экинларни ўз вақтида жойлаштириш ҳамда келгуси мавсумга пухта тайёргарлик кўриш бўйича ишларимизни изчил давом эттирамиз, — деди туман ҳокими Олимжон Жўраев.
Ғалла — халқимиз дастурхони тўкинлиги ва мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигининг муҳим кафолатидир. Шу маънода Гулистон тумани деҳқонларининг бугунги меҳнат зафари нафақат иқтисодий ютуқ, балки юрт равнақи ва аҳоли фаровонлигига қўшилган муносиб ҳисса сифатида қадрланади.

Меҳнаткаш фермер ва деҳқонларнинг ҳар бир томчи тери ортида улкан матонат, сабр-тоқат ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси мужассам. Ана шу фидокорона меҳнат самараси бўлган мўл ҳосил эл дастурхонига барака, юртимиз иқтисодиётига эса мустаҳкам таянч бўлиб хизмат қилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири