Грузия миграция қонунчилигини кучайтирмоқда
Грузия Ички ишлар вазирлиги миграция назоратини кучайтириш ва миллий хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган тузатишлар пакетини тайёрлади.
Асосий ўзгаришлар яшаш учун рухсатнома ёки фуқароликни олиш мақсадида уюштирилган сохта никоҳлар учун жазоларни жорий этишни ўз ичига олади. Ушбу қонунларни бузган хорижликлар жаримага тортилиши, депортация қилиниши, мамлакат ҳудудига кириши тақиқланиши ва айрим ҳолларда ҳибсга олиниши ёки қамоқ жазосига ҳукм қилиниши ҳам мумкин.
Шунингдек, тузатишлар чет эллик талабалар устидан назоратни кучайтириш, қўшимча қабул талабларини жорий қилиш ва Грузия фуқароларининг турмуш ўртоқлари учун яшаш бўйича рухсатнома беришдаги талабларни кучайтиришни назарда тутади. Бундан ташқари, мамлакат Ички ишлар вазирлиги миграция департаменти ноқонуний муҳожирларни аниқлаш ва қонун бузилишининг олдини олиш бўйича кенгайтирилган ваколатларга эга бўлади.
С.Раҳимов, ЎзА