«Global Money Week 2026» доирасида “Smart Money Talks” очиқ панель муҳокамаси ўтказилди
Ёшларнинг иқтисодий билимларини мустаҳкамлашда “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилаётган турли маърифий ҳафталиклар ўзига хос аҳамият касб этмоқда. Ушбу молиявий тузилма томонидан ташкил этилган «Global Money Week 2026» ҳафталиги ҳам ўқувчи ва талаба-ёшларнинг иқтисодий саводхонлигини юксалтиришга қаратилгани билан диққатга сазовор бўлмоқда.
«Global Money Week 2026» ҳафталиги доирасида талабалар учун “Smart Money Talks” очиқ панель муҳокамаси ташкил этилди. Мазкур тадбир ёшлар ўртасида молиявий саводхонликни оширишга қаратилган бўлиб, унда “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятининг масъул ходимлари ҳамда British Management University – Тошкентдаги Британия менежмент университетининг талабалари иштирок этди.
Тадбир очиқ мулоқот ва савол-жавоб шаклида ўтказилиб, унда иштирокчилар замонавий молиявий бошқарув, шахсий бюджетни режалаштириш, инвестиция ҳамда молиявий қарорлар қабул қилишнинг муҳим жиҳатлари юзасидан батафсил маълумотларга эга бўлди.
Шунингдек, банк соҳасида карьера бошлаш, касбий ривожланиш босқичлари ва амалий тажриба юзасидан тавсиялар берилди.
Муҳокама давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб олди.
Мазкур тадбирда 40 нафардан ортиқ талаба иштирок этиб, улар молиявий саводхонлик бўйича билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлди.
Н.Усмонова,
ЎзА