Глобал иқтисодиёт сари: Ўзбекистон қандай натижаларга эришмоқда?
Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти очиқлик, таркибий ислоҳотлар ва халқаро иқтисодий маконга фаол интеграциялашув босқичини бошдан кечирмоқда. Мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, ташқи савдо алоқаларини диверсификация қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва халқаро иқтисодий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилларига айланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил якунлари бўйича ўлканинг ташқи савдо айланмаси 81,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 20,7 фоизга ошди. Жумладан, экспорт ҳажми 33,8 миллиард долларга, импорт эса 47,4 миллиард долларга етди.
Мазкур ўсиш тенденцияси 2026 йилда ҳам давом этмоқда. Хусусан, жорий йилнинг январь-август ойларида мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмаси 57,4 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,6 фоизга кўпайди. Ушбу даврда экспорт 22,9 миллиард доллар, импорт эса 34,5 миллиард долларга тенг бўлди.
Эътиборлиси, республикамизнинг ташқи савдо айланмаси ўсиши билан бир қаторда унинг таркибида ҳам муайян ўзгаришлар кузатилмоқда. Хусусан, 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида олтинни ҳисобга олмаганда, товарлар экспорти 11,5 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28,7 фоизга ошди. Бу эса юртимизнинг олтиндан ташқари ҳам экспорт салоҳияти кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Миллий иқтисодиётнинг халқаро бозорлар билан интеграциялашувида инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакат иқтисодиётига жалб қилиниб, ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ва халқаро молия институтлари маблағларининг умумий ҳажми 43,1 миллиард долларни ташкил этди. Шундан 38,2 миллиард доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, 4,9 миллиард доллари эса халқаро молия институтлари маблағлари ҳиссасига тўғри келади.
Хорижий сармоядорларнинг диёримиз иқтисодиётига қизиқиши мамлакатда чет эл капитали иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сонида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2026 йил 1 январь ҳолатига бундай корхоналар сони 18 164 тани ташкил этган бўлса, 1 мартга келиб 18 770 тага етди.
Мазкур кўрсаткичлар хорижий капитал иштирокидаги тадбиркорлик фаолияти кенгайиб бораётганини англатади. Айниқса, саноат, энергетика, инфратузилма ва логистика каби йўналишларга инвестициялар жалб этилиши иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратмоқда.
Ташқи савдо географиясида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. 2026 йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистон дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширди. Ушбу даврда мамлакат ташқи савдо айланмасининг энг катта улуши Хитой ҳиссасига тўғри келиб, 23 фоизни ташкил этди. Кейинги ўринларда Россия – 16 фоиз, Қозоғистон – 6,5 фоиз, Туркия – 3,4 фоиз ва Афғонистон – 2,5 фоиз билан қайд этилди.
Бу рақамлар Ўзбекистоннинг анъанавий савдо ҳамкорлари билан иқтисодий алоқалари муҳим ўрин тутишини кўрсатади. Шу билан бирга, ташқи бозорларни диверсификация қилиш, янги экспорт йўналишларини ўзлаштириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро рақобатбардошлигини ошириш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Ўлкамизнинг жаҳон иқтисодий тизимига интеграциялашувида Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёни алоҳида стратегик аҳамиятга эга.
ЖСТнинг 2026 йил 27–28 июль кунлари бўлиб ўтган Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилиши бўйича Ишчи гуруҳ йиғилишига оид расмий маълумотларига кўра, мамлакат 2026 йил давомида аъзолик жараёнини якунлаш мақсадини яна бир бор тасдиқлаган.
Музокаралар давомида миллий қонунчиликни ЖСТ талабларига мувофиқлаштириш, ташқи савдо тартиб-таомилларини такомиллаштириш, техник тўсиқлар ва санитария-фитосанитария чоралари билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, ЖСТ маълумотларига кўра, 2026 йил март ойидан июль ойига қадар Ўзбекистонда 190 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат тузилма қоидаларига мувофиқлаштирилган. Шунингдек, июль ойи охирига келиб, бозорларга кириш бўйича 31 та икки томонлама келишув ЖСТ Котибиятига тақдим этилган.
ЖСТга аъзолик Ўзбекистоннинг халқаро савдо қоидалари асосида фаолият юритиш имкониятларини кенгайтириши, савдо муносабатларида шаффофлик ва прогноз қилинадиган муҳитни мустаҳкамлаши мумкин. Бироқ бу жараён маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш, маҳсулот сифати ва стандартларини такомиллаштиришни ҳам тақозо этади.
Шу нуқтаи назардан, ташқи савдо ва инвестиция соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, экспорт таркибида юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар улушини кўпайтириш ҳамда халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Умуман олганда, юртимизнинг глобал иқтисодий маконга интеграциялашуви ташқи савдо ҳажмини ошириш билангина чекланмайди. Бу жараён миллий иқтисодиётни модернизация қилиш, инвестициялар жалб этиш, ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш ва халқаро рақобатбардошликни мустаҳкамлаш билан узвий боғлиқ. Мазкур йўналишлардаги ислоҳотларнинг изчил давом эттирилиши мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсиши ва аҳоли фаровонлигини ошириш учун муҳим замин яратади.
Фардона Яхшибоева,
ЎзА