Гиёҳвандликка қарши курашнинг долзарб масалалари муҳокама этилди
Термиз давлат университетида “Ёшлар орасида гиёҳвандликнинг олдини олиш: профилактика, таълим ва ижтимоий ҳимоя механизмлари” мавзуига бағишланган Республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Таниқли олимлар, илмий тадқиқотчилар ва мутахассислар иштирок этган тадбир Термиз давлат университети ректори А.Тошқулов кейинги йилларда мамлакатимизда ҳар тарафлама соғлом, маънан етук ёшларни тарбиялаш ва зарарли иллатларга қарши кураш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Анжуман ишига муваффақият тилади.


Ялпи мажлисда ТерДУ ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори О.Шофиевнинг “Талаба-ёшларда антинаркотик маънавий-психологик иммунитетни шакллантиришнинг тарбиявий ва рақамли профилактика механизмлари”, Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети фалсафа кафедраси мудири М. Хажиеванинг “Ёшлар ўртасида гиёҳвандликка қарши курашишнинг замонавий механизмлари: халқаро тажрибалар”, ТерДУ ижтимоий фанлар факультети декани Н. Ачиловнинг “Синтетик гиёҳвандликка қарши курашда ижтимоий институтларнинг мультидисциплинар ҳамкорлиги” мавзуидаги ва соҳа мутахассисларининг ҳам маърузалари тингланди. Ёшларда антинаркотик иммунитетни шакллантириш, гиёҳвандлик ва наркотаҳдидларнинг олдини олиш, ижтимоий ҳимоя механизмларини такомиллаштириш, рақамли макондаги хавфларга қарши кураш масалалари хусусида фикр алмашди.


Тадбир иштирокчилари тўртта шўъба йиғилишида илмий маърузаларни тинглаб, атрофлича муҳокама этди. Ёшларни зарарли иллатлардан асраш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, гиёҳвандликка қарши кураш юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири