Гиёҳвандликка қарши курашишга қаратилган семинар
Тошкент шаҳар Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Божхона қўмитаси ҳамда Сергели тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида “Инсон қадри улуғ, меҳр муқаддас!” шиори остида семинар ташкил этилди.
Унда гиёҳвандликка қарши курашиш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш ҳамда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига барҳам бериш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда хотин-қизлар ўртасида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди. Қайд этилганидек, ушбу йўналишда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилаётган профилактик тадбирларда гиёҳвандлик жирканч жиноят эканлиги тушунтирилиб, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидланганидек, гиёҳвандлик охир-оқибатда инсоннинг ҳаёти ва соғлигига зарар келтиради. Бу иллат нафақат инсоннинг ўзига, балки унинг оиласи, фарзандлари ва жамият ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, ёмон одатлардан йироқ бўлиш, саломатликни асраш, маънавий юксакликни ошириш лозимлиги алоҳида қайд этилди.

Муҳокамаларда бу каби зарарли одатларнинг олдини олиш, хотин-қизларни турли таҳдид ва хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини барвақт аниқлашда идоралараро ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Тадбирда ташкилот ва идоралар вакиллари, маҳалла хотин-қизлар фаоллари, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, профилактик ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди.

Семинарда фаол иштирок этган ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, гиёҳвандликка қарши курашиш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш борасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган иштирокчилар алоҳида эътироф этилди.
М.Комилова,
ЎзА