Гиёҳвандликка қарши курашишда ёшлар таклифлари тингланди
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида 26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан “Гиёҳвандликка қарши курашда ёшлар ташаббуси: соғлом жамият – барқарор келажак гарови” мавзусида республика конференцияси бўлиб ўтди.
Унда давлат органлари, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.
Тадбирда қайд этилганидек, бугунги кунда гиёҳвандлик ва ноқонуний наркотик моддалар муомаласи нафақат алоҳида шахс, балки жамият тараққиёти, миллат саломатлиги ва мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётган долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Айниқса, синтетик наркотик воситаларнинг интернет тармоқлари орқали тарқалиши ёшлар учун жиддий хавф туғдирмоқда.
Конференцияда сўзга чиққанлар мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, наркотик воситалар, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддалар ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган янги қонунчилик ўзгаришларининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Конферепнцияда мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашиш, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар муҳокама қилинди. Хусусан, 2026 йил 11 июнда қабул қилинган ва наркотик воситалар, психотроп моддалар ҳамда кучли таъсир қилувчи моддалар ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонуннинг мазмун-моҳияти юзасидан батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун билан Жиноят кодексига “Аҳоли саломатлиги ва генофондига қарши жиноятлар” номли янги боб киритилди. Шунингдек, ноқонуний нарколабораториялар ташкил этиш, наркотиклар савдосини бошқариш, бангихоналар ташкил этиш каби қилмишлар учун жавобгарлик сезиларли даражада кучайтирилди.
Конференция давомида Ёшлар парламенти томонидан илгари сурилган муҳим ташаббуслардан бири амалий натижага айланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандум ёшлар ўртасида гиёҳвандликка қарши профилактика ишларини янги босқичга олиб чиқиш, ҳудудларда тизимли тарғибот тадбирларини ташкил этиш, ёшларнинг анти-наркотик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштиришга хизмат қилади.
Ёшлар парламенти ушбу йўналишда нафақат муҳокама майдони, балки давлат органлари ва ёшлар ўртасидаги самарали мулоқотни таъминловчи, ёшлар манфаатларини илгари сурувчи ҳамда долзарб ижтимоий муаммолар юзасидан амалий таклифлар ишлаб чиқувчи платформа сифатида фаол иштирок этмоқда.
Конференция давомида ишлаб чиқилаётган “Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг асосий йўналишлари ҳам тақдим этилди. Унда жамиятда, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар орасида гиёҳвандликка қарши иммунитетни шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланаётгани қайд этилди.
Конференция аввалида иштирокчилар Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида ташкил этилган гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича инновацион лойиҳалар кўргазмаси ҳамда ёшларнинг ижодий тақдимотлари билан танишди.
Шундан сўнг тадбир икки параллел сессияда давом этди. “Соғлом жамият сари: огоҳлик ва профилактика” сессиясида тиббиёт, ҳуқуқ, психология ва таълим соҳалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, барвақт профилактика ва диагностика тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
“Гиёҳвандликка қарши курашда ёшлар ташаббуси ва амалий ечимлар” сессиясида эса ёшларнинг рақамли лойиҳалари, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спорт ва маънавий-маърифий фаолият орқали тенгдошлар орасида анти-наркотик маданиятни шакллантириш бўйича таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Конференция якунида гиёҳвандликка қарши кураш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари, маҳалла, ота-оналар ҳамда ёшларнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини талаб этадиган умумхалқ вазифаси экани алоҳида таъкидланди.
Мазкур конференция ва имзоланган меморандум ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, гиёҳвандликка қарши барқарор ижтимоий иммунитетни шакллантириш ҳамда келажак авлод саломатлигини ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Гулноза Бобоева,
Аслиддин Алижонов(сурат),ЎзА