Гиёҳвандликка оид қонунбузарлик фош этилди
Навоий вилояти Навбаҳор туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ навбатдаги қонунбузарлик ҳолати аниқланди.
Маълум бўлишича, тумандаги Ўзбекистон маҳалласи профилактика инспектори Баҳриддин Юлдошев хизмат вазифасини бажараётган вақтда маҳалла ҳудудида шубҳали ҳаракатланаётган шахсга эътибор қаратган. Маҳалла аҳолисини яхши танийдиган инспектор мазкур фуқаро билан суҳбатлашишга уринган. Бироқ сархуш ҳолатда бўлган шахс ходимнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, воқеа жойидан узоқлашишга ҳаракат қилган.
Шундан сўнг туман ички ишлар бўлими тезкор-тергов гуруҳи жалб қилиниб, фуқаронинг шахсига аниқлик киритилди. Ўтказилган кўздан кечириш жараёнида унинг ёнидан қоғозга ўралган, тахминан 7 грамм марихуана гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда топилди.

Тезкор тадбирлар давомида гумонланувчининг яшаш манзили ҳам ўрганилди. Текширув натижасида унинг томорқасида заҳриқотил ўсимлигини яширин равишда етиштириб келаётгани маълум бўлди. Бу ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли тартибда расмийлаштирилди.
Профилактика инспекторининг сергаклиги ва тезкор ҳаракатлари натижасида яна бир ноқонуний фаолиятга чек қўйилди. Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири