Гимнастикачиларимизнинг навбатдаги муваффақиятлари
Руминияда ўтган бадиий гимнастика бўйича Жаҳон челленж кубогида Ўзбекистон терма жамоаси 1 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритди.
Руминиянинг Клуж-Напока шаҳрида бадиий гимнастика бўйича Жаҳон челленж кубоги мусобақаси якунланди. Қувонарлиси, унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси 1 та кумуш ва 3 та бронза медалига сазовор бўлди.
Яккалик баҳсларида Тахмина Икромова тасма дастуридаги финал чиқишида кумуш медални қўлга киритган бўлса, кўпкураш дастурида бронза медали соҳибасига айланди.
Гуруҳ машқларида эса Мумтозабону Исҳоқзода, Эвелина Атальянц, Амалия Мамедова, Ясмина Мкртчева, Тамила Зиганшина ва Юлия Валеватаядан иборат Ўзбекистон терма жамоаси кўпкураш дастурида бронза медалини қўлга киритди. Шунингдек, жамоамиз 3 та ҳалқа ва 2 жуфт булава билан бажарилган финал дастурида ҳам учинчи ўринни эгаллаб, яна бир бронза медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақани 1 та кумуш ва 3 та бронза билан якунлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА