Гилослар хорижга экспорт қилинади
Фарғона вилоятида ўтган йилда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида 18 та лойиҳа амалга оширилиб, мева-сабзавотлар экспорти ҳам салмоқли бўлди.
Фарғона вилоятида ўтган йилда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида 18 та лойиҳа амалга оширилиб, мева-сабзавотлар экспорти ҳам салмоқли бўлди.
Юртимизда етиштириладиган меваларнинг таърифига ортиқча ҳожат бўлмаса керак. Хусусан, Фарғона вилоятида бу борада катта тажриба бор. Бугунги кунда миришкор деҳқонлар томонидан олманинг 14, ўрикнинг 17, шафтолининг 9, гилос ва нокнинг 7, анорнинг 12 хили бошқа маҳсулотларнинг кўплаб турлари етиштирилмоқда. Вилоятда 2 миллион 560 минг тоннадан зиёд мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилиб, истеъмолга етказиб берилмоқда.
Фарғона боғларида етиштирилган сара гилослар жаҳон бозорида харидоргир. Ўзига хос таъм ва кўринишга эга меваларимизга бўлган талаб бу йил янада юқори бўлиши кутилмоқда.
Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида иш бошлаган “Реал транс логистика” унитар корхонаси бу борада янги имконият эшикларини очди. Асосан мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаб, қуритиб, қадоқлайдиган корхона йил давомида 300 минг тонна сара маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
Америка, Туркия, Бельгия сингари ривожланган мамлакатлардан келтирилган замонавий ишлаб чиқариш ускуналари сабзавот маҳсулотларини беш йўналишда қуритади, керакли ўлчамларда кесиб қадоқлайди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 160 нафар ёшлар бандлиги таъминланди.
– Маҳсулотларимизнинг асосий қисми экспорт қилинади, – дейди унитар корхонаси раҳбари Зоҳиджон Икромов. – Хусусан, гилос саралаш ва қадоқлаш цехига Италиянинг “Юникес” лазерли ускуналари ўрнатилди. Мазкур жиҳозлар ҳар соатда беш тонна маҳсулотни халқаро талаб ва нормалар асосида саралаб, махсус қутиларга жойлаб беради. Шунингдек, цех қошида 3 минг тонна сиғимга эга бўлган музлатгич ишга туширилди. Бу йил маҳсулотларимизни Дубайга экспорт қилишни режалаштирганмиз.

Тайёр маҳсулотларни экспортга йўналтириш учун божхона, карантин хизматлари шу ернинг ўзида амалга оширилади.