Германияда жазирама туфайли 14 мингга яқин ўлим қайд этилди
ГФРда бу ёз рекорд даражада иссиқ келди. Мамлакатда юқори ҳарорат билан боғлиқ 14 мингга яқин ўлим қайд этилган, уларнинг қарийб 9,6 мингтаси июнь охирида ҳарорат 40 даражадан ошган ҳафтага тўғри келди.
Оғир оқибатлар асосан 75 ёшдан ошганлар орасида кузатилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ҳолатларнинг аксариятида сабабни фақат иссиқ билан боғлаш қийин: юқори ҳарорат юрак-қон томир касалликлари каби мавжуд муаммоларни кучайтириб, ўлим хавфини оширади. Шу боис Роберт Кох институти келтирган рақам ҳақиқий кўрсаткичдан ҳам паст бўлиши мумкин.
Муаммо фақат Германия билан чекланмаган. 1 июндан буён Испанияда қарийб 4,5 минг, Францияда эса 7,3 мингдан ортиқ қўшимча ўлим қайд этилган. Қурғоқчилик ва жазирама ҳаво Европанинг энг йирик иқтисодиётида ёнғинлар, ҳосилдорликнинг пасайиши ва юк ташишда муҳим бўлган дарёларда сув сатҳининг тушишига ҳам олиб келган.
Энди ГФРда иссиққа мослашиш учун катта сармоя талаб этилмоқда. Хусусан, шифохона ва қариялар уйларини совитиш тизимлари билан таъминлаш учун камида 20 миллиард евро кераклиги айтилмоқда. Шунингдек, ҳукуматда шаҳарсозлик, қурилиш ва жазирамада меҳнат қилиш қоидаларини ўзгартириш таклифлари муҳокама қилинмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА