Германияда шубҳали идиш сабаб кенг кўламли амалиёт ўтказилди
Германиянинг Файхинген-Энце шаҳрида эҳтимолий радиоактив модда топилгани ортидан махсус хизматлар иштирокида кенг кўламли операция ўтказилди, дея хабар берди DW нашри.
Маълум қилинишича, икки нафар фуқаро Пасха байрами муносабати билан боғда юрганда қизил қопқоқли, “полоний-210” ёзуви туширилган оқ елим идиш топиб олган. Бу ҳақда тегишли идорага хабар берилгач, ҳудудга 130 дан ортиқ қутқарувчи ва махсус хизмат ходими жалб этилган.
Воқеа жойи тўлиқ ўраб олиниб, радиациядан ҳимоя бўлинмаси текширув бошлаган.
Дастлаб идиш сиртида радиация белгиси қайд этилмаган. Шунга қарамасдан, мутасаддилар ёзув ва буюмнинг оғирлигига асосланиб, идиш ичидаги модда ҳақиқатан Полоний-210 эканлигини истисно қилмаяпти.
Ҳозир топилма таркибини аниқлаш, эҳтимолий хавф даражасини баҳолаш ва зарур ҳолда топилмани зарарсизлантириш бўйича иш давом этяпти.
Мутахассислар ушбу модда жуда кам учрайдиган ва ўта заҳарли радиофаол унсурлигини таъкидлайди.
Д.Ҳакимов, ЎзА