Гемодиализ муолажаси, тиббиётдаги янги қадамлар ва устувор вазифалар
Инсон организми ўзига хос мураккаб, пухта ва мувозанатли ишловчи тизим бўлиб, ундаги ҳар бир аъзо ҳаётни таъминлашда муҳим вазифани бажаради. Ана шу ҳаётий муҳим тизимлардан бири бўлган сийдик ажратиш тизими, хусусан, буйраклар организмнинг ички муҳити доимийлигини сақлаш, қонни турли токсинлар, ортиқча суюқлик ва чиқиндилардан тозалашдек ўта масъулиятли вазифани адо этади. Бироқ турли салбий омиллар таъсирида буйрак фаолияти издан чиққанида, у ўз вазифасини бажара олмай қолади ва натижада буйрак етишмовчилигининг оғир босқичлари юзага келади.
Мазкур ҳолатда инсон ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўли сифатида гемодиализ муолажаси майдонга чиқади. Гемодиализ инсон буйраги бажара олмайдиган вазифани махсус аппаратлар ва сунъий фильтрлар ёрдамида бажарувчи, ҳаётни сақлаб қолувчи мураккаб ва муҳим тиббий жараёндир. Бу муолажа беморнинг қонини сунъий равишда айлантириб, ундаги заҳарли моддалар, жумладан мочевина, креатинин ва ортиқча тузларни чиқариб ташлайди, электролитлар мувозанатини тиклайди.
Гемодиализга бўлган эҳтиёж асосан сурункали буйрак етишмовчилигининг охирги босқичига етган инсонларда кескин сезилади, чунки бу босқичда табиий буйрак тўлиқ ишдан чиққан бўлиб, тиббий аралашувсиз организм заҳарланиб, ҳаёт учун хавфли асоратлар келиб чиқади.

Мазкур хасталикнинг келиб чиқишига асосан қандли диабет касаллигининг оғир шакллари, артериал гипертония, яъни қон босимининг сурункали ва назорат қилиб бўлмайдиган даражада ошиши, буйракнинг яллиғланиш касалликлари, хусусан гломерулонефрит ва пиелонефрит, шунингдек ирсий мойиллик, нотўғри овқатланиш, дори воситаларини ҳаддан ташқари ва назоратсиз истеъмол қилиш каби омиллар бевосита сабаб бўлади.
Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё миқёсида сурункали буйрак касалликлари кўпайиб бораётгани кузатилмоқда ва бу тиббиёт олдида турган глобал муаммолардан бирига айланган. Тиббиёт фанларининг ривожланиши гемодиализ аппаратларининг янги авлодларини яратиш, тозалаш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда беморларнинг умрини узайтириш борасида улкан ютуқларни қўлга киритишга имкон берди. Бироқ бу соҳада ҳамон ечимини кутаётган айрим муаммолар мавжуд бўлиб, улар қаторига муолажанинг мунтазамлиги, беморларнинг тиббиёт муассасаларига бориб-келишдаги жисмоний чарчоқлари, узоқ масофалар ва йўл боис юзага келадиган қўшимча харажатларни киритиш мумкин.

Ҳар ҳафтада бир неча маротаба гемодиализ сеансларини олишга мажбур бўлган беморлар учун ҳар бир кун ва ҳар бир қатнов катта куч ҳамда молиявий масъулият талаб этади. Шу боис, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан илгари сурилаётган янги ташаббус чинакам инсонпарварлик ва ижтимоий ҳимоянинг ёрқин намунаси сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Аниқроқ айтганда, вазирлик томонидан режали гемодиализ муолажасини олувчи беморларнинг тиббиёт муассасасига бориб-келиши билан боғлиқ йўл харажатларини давлат бюджети ҳисобидан қоплашнинг янги механизмини жорий этиш режалаштирилаётгани юртимизда инсон қадрини устувор қўйиш сиёсатининг амалий ифодасидир.

Мазкур таклифга кўра, беморлар муолажага ўзлари учун қулай бўлган транспорт, хоҳ у такси, хоҳ шахсий автомобиль ёки бошқа жамоат транспорти воситасида бориб-келишлари мумкин бўлади ҳамда сарфланган маблағлар белгиланган тартибда тўлиқ қоплаб берилади. Бу каби янги тизим беморларнинг оғир дардини енгиллаштириш билан бирга, уларнинг вақти ва моддий маблағларини сезиларли даражада тежашга, энг муҳими, транспорт воситасини ўзлари хоҳлаганча мустақил равишда танлаш имкониятини беради.
Айни пайтда мазкур муҳим қарорни амалиётга жорий этишдан олдин беморларнинг фикр ва мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида махсус сўровнома ташкил этилган бўлиб, у жорий йилнинг 15 август кунига қадар давом этади. Шу боис, ҳар бир фуқаро ва бемор ушбу жараёнда фаол иштирок этиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган онлайн сўровнома орқали ўз фикр ва таклифларини билдириши келажакдаги амалий қадамларнинг янада самарали ва аниқ манзилли бўлишини таъминлайди. Бу каби саъй-ҳаракатлар жамиятимизда ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмаслигини, давлатнинг доимий ғамхўрлиги ва эътиборида эканлигини яққол намоён этади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА