Ғазо ва Ғарбий соҳилда маҳаллий сайлов ўтказилмоқда
Фаластиннинг Ғазо сектори ва Ғарбий соҳилда маҳаллий бошқарув сайлови бошланди. 2006 йилдан бери илк бор ўтказилаётган овоз бериш жараёни минтақа сиёсатида муҳим ўзгариш ясаши билан боғлиқ қатор саволларни юзага чиқармоқда.
Бу ҳақда “Reuters” хабар берган. Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, Дайр ал-Балоҳ минтақасида бўлиб ўтаётган ушбу сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бир миллиондан ортиқ фуқаронинг тахминан 70 500 нафари Ғазо секторига тўғри келади.
Жараён Фаластин миллий маъмурияти томонидан мувофиқлаштирилмоқда. Бу галги сайловда номзодлар учун тинчлик ва ўзаро тотувлик тамойилига содиқлик декларациясини имзолаш талаби жорий этилган. Сиёсий жиҳатдан эътиборли томони шундаки, асосий рақобат “Фатҳ” ҳаракатига яқин кучлар ва мустақил номзодлар ўртасида кечиши кутиляпти. Шу билан бирга кузатувчилар ҲАМАСнинг минтақадаги ижтимоий ва сиёсий таъсири сақланиб қолаётганини таъкидламоқда. 25 апрель куни бошланган овоз бериш амалиёти минтақанинг сиёсий барқарорликка эришиш йўлидаги муҳим қадами сифатида баҳоланмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА