Исроил ва ҲАМАС ўртасида 10 октябрь куни эълон қилинган сулҳга қарамай, Ғазонинг айрим ҳудудлари ер билан яксон қилинмоқда. "BBC Verify" таҳлилига кўра, Исроил армияси назорати остидаги ҳудудларда 1 500 дан ортиқ бино вайрон этилган.
Сунъий йўлдош тасвири шуни кўрсатадики, аввалги жангларда зарарланмаган кўплаб иншоотлар энди атай портлатилган ёки махсус техника ёрдамида бузилган. Айрим жойларда, хусусан Хон Юнис ва Рафоҳ яқинида бутун-бутун маҳаллалар харитадан ўчган.

Маълумки, АҚШ, Миср, Қатар ва Туркия воситачилигида тузилган сулҳда “ҳар қандай ҳарбий амалиёт, жумладан бомбардимон тўхтатилади” дея қайд этилган. Шунга қарамай, Исроил мудофаа кучлари “демилитаризация жараёни” доирасида ҳаракатланаётгани айтилмоқда.
Мамлакат мудофаа вазири Исроил Кац 18 октябрь кунги баёнотида “Ғазони ҳарбий инфратузилмадан тозалаш Исроил хавфсизлик сиёсатининг бир қисмидир” деганди. Халқаро ҳуқуқшунослар эса бундай ҳаракатни фуқаролик мулкига қарши ноқонуний иш сифатида баҳоламоқда.

Европа Кенгаши ташқи сиёсат бўйича эксперти Хюг Ловатт огоҳлантиришича, айни амалиёт келишув барқарорлигига таҳдид солмоқда.
– Исроил кучлари орқага чекинишни чўзиши секторда янги “доимий ҳақиқат яратиш ҳаракати" тарзида талқин қилиняпти. Натиажада тинчлик янада мўртлашяпти.
Хуллас, уруш расман тугаган бўлса-да, Ғазода портлаш, чанг-тўзон ва вайронагарчилик давом этмоқда. Сулҳ муддати қоғозда амал қилаётган бўлиши мумкин, бироқ Фаластин осмони ҳали тинч эмас.
Мусулмон Зиё, ЎзА