Навоий вилоятининг Навбаҳор ва Конимех туманларида рўй берган икки ҳолат газ таъминоти тизимидаги тезкорлик ва масъулиятнинг қанчалик аҳамиятли эканини яна бир бор кўрсатди.
Навбаҳор тумани Қизилой маҳалласида яшовчи Маъмуржон Узоқов газ босими пастлиги ҳақида “104” авария-диспетчерлик хизматига мурожаат қилганида, мутахассислар чақирувни шу куннинг ўзида қабул қилди. Электрон газ ҳисоблаш ускунаси текширилиб, фильтр тозалангандан кейин хонадондаги босим меъёрга келди. Бу оддий техник хизмат кўрсатишнинг ўзи кўпинча муаммони ҳал этиши мумкинлигини кўрсатади.
Конимех тумани Қумработ маҳалласидан Азиз Рўзиев томонидан билдирилган газ сизиб чиқиш ҳолати эса янада жиддий вазият бўлиб, авария бригадасининг тез етиб бориши ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Газ сизиши нафақат бир хонадон, балки бутун атрофдаги аҳоли учун хавф туғдириши мумкин. Шунинг учун мазкур ҳолатнинг ўз вақтида бартараф этилгани хизматлар томонидан хавфсизликни таъминлашдаги масъулият ва амалий тайёргарликни намоён этди.

Бу каби мисоллар аҳоли фаоллиги ва газ хизматларининг жавобгарлиги ўзаро боғлиқ эканини кўрсатади. Фуқаролар томонидан вақтида қилинган мурожаатлар, мутахассисларнинг эътибори ва тезкор ҳаракати билан биргаликда катта хавфларнинг олдини олиш мумкин. Шу билан бирга ускуналарни мунтазам профилактикадан ўтказиш, фильтрларни вақти-вақти билан текшириш, шубҳали ҳид ёки носозликка дарҳол реакция қилиш ҳар бир хонадоннинг хавфсизлигини таъминлашда муҳим омиллар ҳисобланади.
Албатта, куз-қиш мавсумида газ таъминоти тизимининг барқарор ишлаши нафақат қулайлик, балки аҳоли хавфсизлиги нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга. Бу даврда фуқаролар томонидан газ билан боғлиқ мурожаатлар, техник носозликлар ва фавқулодда ҳолатлар сони кўпаяди.
Шунинг учун газ таъминоти хизматлари ҳар бир чақирувни ўз вақтида қабул қилиши ва жойига бориб муаммони бартараф этиши аҳоли ишончига бевосита таъсир кўрсатади. “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиалида бу жараён тизимли равишда ташкил этилгани охирги кунлардаги мурожаатлар мисолида яна бир бор тасдиқланди.
Фуқаролар газ ҳиди сезилганда, ускуналарда носозлик кузатилганда ёки тасодифий авария ҳолатлари юзагa келганда “104” қисқа рақамига 24 соат давомида мурожаат қилиши мумкин. Шу билан бирга, талаб ва таклифлар, шикоятлар ёки саволлар бўйича “1104” рақами орқали Call Center хизмат кўрсатади.
– Айни пайтда кунлик мурожаатлар сезиларли даражада ошган бўлиб, одатда бир кунда 70-80 тагача чақирув қайд этилади, – дейди газ таъминоти филиали Марказий диспетчерлик хизмати диспетчери Манзура Ходжаева. – Мурожаатларнинг асосий қисмини газ сизиб чиқиши, электрон ҳисоблагич ускуналаридаги носозликлар ва бошқа техник муаммолар ташкил этади. Биргина ноябрь ойида “1104” рақамига икки мингдан ортиқ қўнғироқ бўлгани, “104” хизматининг эса 1350 та мурожаатни қабул қилгани бу соҳадаги юклама ва масъулият қамровини яққол кўрсатади. Декабрь ойининг илк икки кунининг ўзида 135 та чақирув қайд этилгани мавсумий талаб янада ортганини англатади.
Аслида, газ таъминоти тизимида барқарорликни таъминлаш бу фақат техник муаммоларни бартараф этиш эмас. Чақирувнинг тез қабул қилиниши, ходимларнинг истеъмолчи билан тўғридан-тўғри мулоқотда муаммонинг бутун моҳиятини ўрганиши, зарур эҳтиёт чораларини кўриши газ хизматларининг нуфузини оширмоқда. Аҳоли эса бундай тизим ишлаётганини кўриб, ўз вақтида мурожаат қилишга одатланмоқда.
Тизимнинг тўғри ишлаши, мурожаатларни қабул қилишдаги очиқлик ва тезкорлик эса аҳоли ишончини мустаҳкамламоқда.
А.Бўриев, ЎзА