Газ сизиб чиқишига қарши замонавий назорат тизими жорий этилади
Энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бугунги кунда дунё ҳамжамияти олдида турган энг муҳим вазифа. Бу эса газ тармоқлари олдига метан эмиссияларини камайтириш ва газ сизиб чиқиш ҳолатларининг олдини олиш талабини қўймоқда.
“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти ва Жаҳон банки ҳамкорлигида “Ўзбекистонда газ сизиб чиқишини камайтириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган икки кунлик амалий тадбир ҳам шу мақсадга қаратилди.
Учрашув давомида газ сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлаш, уларни устуворлик асосида бартараф этиш механизмлари, метан эмиссияларини қисқартириш чоралари ва ушбу жараёнларни самарали бошқариш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, замонавий MRV - мониторинг, ҳисобот бериш ва текшириш тизимини жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур тизим натижасида газ сизиб чиқиш ҳолатларини тезкор аниқлаш, таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш имконияти яратилади.
Тадбир якунларига кўра, барча асосий масалалар атрофлича муҳокама қилинди, иштирокчилар ўртасида фаол савол-жавоблар ташкил этилди ҳамда лойиҳа доирасида амалга ошириладиган кейинги амалий қадамлар аниқ белгилаб олинди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа “Ўзтрансгаз” тизимида газ сизиб чиқиш ҳолатларини камайтириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иш жараёнлари самарадорлигини ошириш ҳамда иқлим ўзгаришига салбий таъсирни қисқартиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА