Газ қазиб чиқариш барқарорлигини таъминлаш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
Нефть-газ соҳасида ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш, мавжуд захиралардан оқилона фойдаланиш ва янги ресурсларни аниқлаш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Айниқса, энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж ортиб бораётган шароитда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини барқарор сақлаш, геология-қидирув ишларини жадаллаштириш ҳамда куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш муҳим аҳамият эга.
Айни талаблардан келиб чиқиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов раҳбарлигида ўтказилган аппарат йиғилишида жамиятнинг 2026 йил иккинчи ярим йиллигидаги устувор вазифалари, қазиб чиқариш кўрсаткичлари, геология-қидирув ишларининг бориши ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.

Унда давлат раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ва мақсадли кўрсаткичларнинг ижроси танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди. Хусусан, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларида кузатилаётган табиий пасайиш тенденциялари, айрим конларда режа кўрсаткичларидан ортда қолиш ҳолатлари ҳамда геологик-техник тадбирлар самарадорлиги юзасидан масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Шунингдек, геология-қидирув ишлари доирасида амалга оширилаётган 3D сейсмик тадқиқотлар, излов-қидирув ва эксплуатация қудуқларини бурғилаш ишларининг бориши таҳлил қилинди. Белгиланган режаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш, истиқболли майдонларда янги захираларни аниқлаш ҳамда қазиб чиқариш барқарорлигини мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Йиғилишда департамент ва бошқарма раҳбарларига иш самарадорлигини ошириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда йиллик кўрсаткичлар ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни жадаллаштириш топширилди. Шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини сифатли ташкил этиш, ишлаб чиқариш объектлари ва технологик қурилмаларнинг барқарор фаолиятини таъминлаш вазифалари белгиланди.
Жамият ахборот хизматига кўра, мазкур чора-тадбирлар табиий газ қазиб чиқариш барқарорлигини сақлаш, янги ресурс базасини шакллантириш ҳамда истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА