Газ олис ҳудудларгача етиб бормоқда (+видео)
Совуқ сақланиб турган айни кезда аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз равишда таъминлаш бугунги кунда коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари олдида турган долзарб вазифалардан биридир. Бу жараёнда олис ва чекка манзилларни кўпроқ қамраб олиш муҳим аҳамият касб этади.
Чортоқ туманининг Қорамурут маҳалласи Наманган вилоятининг олис чегара ҳудудларидан бири ҳисобланади. Мазкур гўшада 679 нафар истеъмолчи табиий газ етиб бормаганлиги сабабли суюлтирилган газдан фойдаланади. Уларга "айланма" газ баллон орқали суюқ газ белгиланган режа асосида ўз вақтида етказилмоқда.

“Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиалининг “Чортоқ тумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари навбатдаги иш кунида ушбу маҳалла аҳолисининг хизматида бўлди. Истеъмолчиларга шу куннинг ўзида 12 тонна суюлтирилган газ тарқатилди.

– Қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича штаб ва вилоят газ идораси фаолиятидан қониқяпмиз, – қорамуртлик педагог Орифжон Абдуллаев. – Улар мурожаатларимизни эшитди. Совуқ шундай изчил ишлашни тақозо этмоқда. Маҳалла аҳлининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжи ўз вақтида қондирилмоқда.
Маълумот учун, Чортоқ туманида 25 минг 289 нафар суюлтирилган газ истеъмолчиси бўлиб, мавжуд хонадонлар янги 2023 йилнинг шу кунига қадар "маҳаллабай" иш тизими асосида 200 тоннага яқин суюқ газ билан таъминланди.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/fIv7QlNL2eQ" title="Газ олис ҳудудларгача етиб бормоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Оқилхон Дадабоев, ЎзА