Газ бозоридаги узоқ муддатли тенденциялар таҳлил қилинди
Газ соҳасидаги глобал жараёнлар ва бозордаги ўзгаришлар энергетика йўналишида халқаро ҳамкорликни янада фаоллаштиришни тақозо этади. Шу сабабли, мамлакатимизда бу йўналишда қатор муҳим мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Газ экспорт қилувчи мамлакатлар форуми бош котиби Филип Мшелбила ўртасида ўтказилган музокарада ана шундай ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон энергетика ҳафталиги доирасида бўлиб ўтган тадбирда газ етказиб бериш соҳасида тажриба алмашиш, газ бозоридаги узоқ муддатли тенденциялар таҳлил қилинди ҳамда газ нархларини прогноз қилиш бўйича ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Мулоқот якунида томонлар қўшма техник учрашувлар ва маслаҳатлашувларни мунтазам ташкил этиш муҳим эканини таъкидлади. Мазкур тадбир газ соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва бозордаги барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА