Ғаллакорлар маррани забт этишди
Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ғаллакорлари 2026 йил ҳосили учун давлатга дон топшириш бўйича белгиланган шартномавий режани муваффақиятли бажаришди. Натижада давлат дон қабул қилиш корхоналарига қарийб 40 минг тонна сифатли дон топширилди.
Жорий мавсумда тумандаги фермер хўжаликлари томонидан 11 минг 500 гектар майдонда иқлим шароитига мос, эртапишар ва серҳосил ғалла навлари етиштирилди. Агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда ўрим-йиғим ишларининг уюшқоқлик билан ташкил этилгани юқори ҳосилдорликни таъминлади.
Мавсумни қисқа муддатларда ва талафотсиз якунлаш мақсадида туманда 19 та ўрим-йиғим отряди шакллантирилиб, улар таркибига 38 та замонавий ғалла ўриш комбайни, 150 та юк ташиш техникаси, шунингдек, тажрибали механизаторлар ва ишчи-ходимлар жалб этилди. Бу эса ҳосилни қисқа муддатда ва нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш имконини берди.
Ҳосилдорликда юқори натижаларга эришган «Шоҳрух Зайнура», «Бекзод Облоқулов», «Боёвут самараси», «Рўзибой Одилович», «Абдуғани Каттабой» ва «Ўринбоев Сарварбек» фермер хўжаликлари ҳар гектардан 70–80 центнергача дон етиштириб, умумий хирмонга муносиб ҳисса қўшдилар.

Давлатга дон топшириш бўйича шартнома мажбуриятларини тўлиқ бажарган хўжаликлар қаторида «Бекзод Облоқулов» фермер хўжалиги ҳам алоҳида эътироф этилди. Хўжалик ихтиёридаги 120 гектар ер майдонининг 65 гектарида бошоқли дон парваришланиб, давлат дон қабул қилиш корхонасига 300 тонна сифатли дон топширилди.
— Эришилган юқори натижалар аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш ва меҳнатни тўғри ташкил этишнинг амалий самарасидир. Бу ютуқларда ҳар бир миришкорнинг фидокорона меҳнати мужассам, — дейди туман ҳокими Ниёз Ҳазратқулов.

Ғалла режаси бажарилгач, Боёвут ғаллакорлари янги марра — такрорий экинлар парваришига киришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири