Футзал: “ЎФФ Президенти кубоги”га қуръа ташланди
Эртага, 7 ноябрь куни пойтахтимизда ҳаваскор жамоалар ўртасидаги “ЎФФ Президенти кубоги – 2026/2027” мусобақасининг асосий босқич баҳслари бошланади.
Бугун, 6 ноябрь куни Ўзбекистон футзал федерацияси анжуманлар залида янги мавсумнинг асосий босқич баҳсларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Айтиш лозимки, октябрь ойининг сўнгги ўн кунлигида 36 та жамоа икки босқичли саралаш баҳсларида иштирок этиб, финал босқичида қатнашадиган 9 та жамоа номини аниқлаб берганди.

Асосий босқичда саралаш ўйинларидан муваффақиятли ўтган 9 жамоага мусобақанинг бош ҳомийси “BMB Holding” компанияси ҳаваскорлар жамоаси ҳам қўшилди.
Шундай қилиб, 10 та жамоа икки даврали мусобақа давомида “ЎФФ Президенти кубоги – 2026/2027”нинг ғолиб ва совриндорларини аниқлаб беради.

Қуръа натижаларига кўра, эртага ўтказиладиган 1-тур ўйинларида “BMB” — “UzGEO”, “Tayan” — “TATU”, “Singapur” — “Parma II”, “Korzinka” — “SQB” ва "Express” — “Inboks” футзал жамоалари рўбарў келади.
Эслатиб ўтамиз, “ЎФФ Президенти кубоги – 2026/2027” ўйинлари ҳар ҳафтанинг шанбасида Тошкент ахборот технологиялари университети спорт залида бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА