Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ижросини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва соғлом рақобат тамойилига асосланган тизимини, шунингдек, ижтимоий фойдали дастурлар самарадорлигини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. Қуйидагилар фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
давлат ва жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини янада ошириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ва гуманитар соҳаларни ривожлантиришда уларнинг салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш;
жамият манфаатлари ва аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжларини кўзлаган, жойларда сақланиб қолаётган долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш;
давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро манфаатли ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш;
фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга кўмаклашиш йўлида таъсирчан жамоатчилик назорати олиб борилишини рағбатлантириш;
фуқаролик жамияти институтларининг хориждаги ватандошлар билан алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг хориждаги уюшмалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;
фуқаролик жамияти институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларга ўз фаолиятини амалга ошириши учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш.
2. Олий Мажлис палаталари, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари (кейинги ўринларда – маҳаллий Кенгашлар) ҳамда уларнинг ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияларининг қуйидагиташаббуслари қўллаб-қувватлансин:
Олий Мажлис, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда маҳаллий Кенгашлар ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларини қўшиб юбориш ва уларнинг негизида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди (кейинги ўринларда – Фонд) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги алоҳида бўлинмаларини (кейинги ўринларда – алоҳида бўлинмалар) ташкил этиш;
Фонд маблағларини бошқариш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан иборат бўлган парламент палаталари вакиллари ҳар йили навбатма-навбат раислик қиладиган Парламент комиссиясини (кейинги ўринларда – Парламент комиссияси) тузиш, унинг фаолиятига манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда фаол жамоатчилик вакилларини жалб этиш;
фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ташаббускор фуқароларни “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан тақдирлаш ваколатини Парламент комиссиясига ўтказиш;
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгашлар ҳузурида уларнинг ваколатига кирадиган вазифаларни самарали амалга оширишга кўмаклашувчи фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат бўлган маслаҳат гуруҳлари фаолиятини жамоатчилик асосида йўлга қўйиш.
3. Маълумот учун қабул қилинсинки:
Фонд жами 45 та, шу жумладан, ижро этувчи девон – 17 та, алоҳида бўлинмалар – 28 та штат бирлигидан иборат бўлади;
Фонд ижро этувчи девони фаолиятини сақлаш, ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, алоҳида бўлинмаларнинг худди шундай харажатлари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан қопланади;
Фонд фаолиятини ташкил этиш тартиби ва унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари Олий Мажлис палаталари томонидан белгиланади.
4. Олий Мажлис палаталарига икки ой муддатда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз қарорларини қайта кўриб чиқиш тавсия этилсин.
5. 2024 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 октябрга қадар Фонд маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари лойиҳалари доирасида тўланадиган қуйидаги солиқ турлари бўйича белгиланган солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилсин:
лойиҳага меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари асосида жалб қилинган мутахассисларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида олган даромадларидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан меҳнатга ҳақ тўлашга доир харажатлари бўйича тўланадиган ижтимоий солиқ.
6. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар аъзоларига ҳомийлик ташкилотлари томонидан солиқ даври мобайнида тўғридан-тўғри бериладиган пул маблағлари тарзидаги ҳомийлик хайрияларининг солиқ солинмайдиган миқдорини ўн беш миллион сўмдан базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача ошириш;
2025 йил 1 январдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ҳамда болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган давлат божлари миқдорини икки бараварга камайтирилган ҳолда ундириш.
Адлия вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси ва “Давлат божи тўғрисида”ги қонунига мазкур банддан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
бир календарь йилда банк ҳисобварақларида пул айланмаси бўлмаган жамоат фондлари учун ушбу календарь йилда ўз фаолиятини аудиторлик текширувидан ўтказиш ихтиёрий тартибда амалга оширилади;
ҳар йили вазирлик ва идоралар фуқаролик жамияти институтларига бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ижтимоий буюртма бериш бўйича танловлар ташкил этади. Бунда танловлар устувор равишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коррупцияга муросасиз муҳитни шакллантириш ҳамда таълим, тиббиёт, экология, қурилиш, транспорт, коммунал хўжалиги, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва бошқа соҳаларнинг энг долзарб муаммолари ечимига қаратилади;
ҳар йили камида бир маротаба вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан соҳавий ва ҳудудий фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилади;
фуқаролик жамияти институтларига тегишли соҳа ва тармоқларда мавжуд муаммоларнинг таъсирчан ечимини назарда тутувчи ташаббусли лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат ижтимоий буюртмасини олиш тўғрисида манфаатдор давлат органига таклиф киритиш ҳуқуқи берилади. Бунда ташаббусли лойиҳа белгиланган тартибга мувофиқ давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши томонидан ижобий баҳоланган тақдирда, унинг ташаббускорига давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача миқдорда тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан ижтимоий буюртма берилиши мумкин.
8. Белгилаб қўйилсинки:
давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари (кейинги ўринларда – жамоатчилик кенгашлари) раислари фуқаролик жамияти институтлари вакиллари орасидан тасдиқланади;
ҳар йили жамоатчилик кенгашларининг фаолияти самарадорлиги баҳоланади ва унинг натижалари эълон қилинади;
жамоатчилик кенгашларининг фаол аъзолари давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан моддий рағбатлантириб борилади.
“Юксалиш” ҳаракатига ҳар йили жамоатчилик кенгашлари фаолият самарадорлигини баҳолаш ва унинг натижаларини ўз расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилиб бориш тавсия этилсин.
9. Давлат органлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
икки ой муддатда ўзларининг ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамда мазкур фармоннинг 8-бандида назарда тутилган талаблар асосида қайта ташкил этсин;
“Юксалиш” ҳаракатига унинг сўровига асосан жамоатчилик кенгашлари фаолиятига доир маълумотларни тақдим этиб борилишини таъминласин.
10. Адлия вазирлиги уч ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунини жамоатчилик назорати механизмларини янада кенгайтириш нуқтаи назаридан такомиллаштириш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда қуйидагилар назарда тутилсин:
жамоатчилик назоратининг илғор хорижий тажрибага асосланган таъсирчан шакллари;
жамоатчилик назоратининг ҳар бир шаклини амалга ошириш механизми ва тартиб-таомиллари;
жамоатчилик назоратининг натижаларига кўра якуний ҳужжатларни расмийлаштириш, жамоатчилик назорати объектига киритиш ва уларни кўриб чиқишнинг аниқ тартиби ва муддатлари;
давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини тартибга солиш.
11. Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, “Юксалиш” ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг:
ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”ни ўтказиб бориш, унинг доирасида Олий Мажлис, Адлия вазирлигида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашув ва мулоқот ўтказиш, фуқаролик жамияти институтларини рағбатлантириш бўйича тадбирлар ташкил этиш, шу жумладан, “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан тақдирлаш;
ҳар икки йилда Фонд томонидан тақдирланадиган “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофотини таъсис этиш;
журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ёритиш йўналишида номинация ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Адлия вазирлиги бир ой муддатда “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Белгилансинки, мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Фондга ажратиладиган маблағлар, ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
12. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси аъзоларининг мазкур ассоциация раисига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялар) мажлисларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакили сифатида иштирок этиш ҳуқуқини бериш ҳақидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакили ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини жорий қилиш, уларни амалиётга тўғри қўллаш юзасидан таклифлар киритиши ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этиши маълумот учун қабул қилинсин.
13. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларини ижтимоий шериклик асосида жалб қилиш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
14. Рақамли технологиялар вазирлиги Фонд билан биргаликда 2024 йил 1 октябрдан бошлаб фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган қуйидаги асосий имкониятларни назарда тутувчи ягона электрон платформани ишга туширсин:
фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчилик томонидан танловлар йўналишларини шакллантириш ҳамда уларнинг муҳокамасида бевосита иштирок этиш;
танловларда иштирок этиш учун лойиҳаларни топшириш ва давлат субсидиясини олиш учун буюртмаларни юбориш, уларни кўриб чиқиш ва баҳолаш жараёнларини кузатиб бориш;
танлов иштирокчиларидан талаб этиладиган ҳужжатларни электрон платформани давлат органларининг маълумотлар базаларига интеграция қилиш орқали онлайн олиш.
15. Адлия вазирлиги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш марказининг Тугатиш комиссияси билан биргаликда Фуқаролик жамиятини ривожлантириш марказининг мол-мулки ушбу соҳада фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари эҳтиёжи учун йўналтирилишини таъминласин.
16. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили Парламент комиссиясининг асослантирилган ҳисоб-китобларига кўра фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатларни Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.
17. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
18. Мазкур фармоннинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб адлия вазири А.Д. Ташкулов белгилансин.
Фармон ижросини назорат қилиш ва масъул ижрочиларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2024 йил 26 август
* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига
ШАРҲ
Сўнгги йилларда мамлакатимизда эркин ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, шу жумладан, уларнинг давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари такомиллаштирилди.
Биринчидан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилди, улар конституциявий институт сифатида эътироф этилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ва жамоатчилик бошқарувини такомиллаштириш бўйича ислоҳотлар алоҳида йўналиш сифатида белгиланган.
Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди.
Иккинчидан, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашнинг демократик институционал тизими яратилган. Хусусан, Парламент ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳузурида жамоат фондлари тузилган.
Жумладан, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш учун Давлат бюджетидан сўнгги етти йилда 718 миллиард сўм ажратилди (2008-2016 йилларга солиштирганда 12 баробар кўп).
Кейинги 3 йилда ҳудудий фондлар орқали 83 миллиард сўмлик 1600 та лойиҳа амалга оширилди.
Учинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида Ногиронлар жамияти, Карлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, Ногиронлар ассоциацияси, уларнинг 500 га яқин тизим ташкилотлари тўлиқ давлат ҳомийлигига олинди.
Тўртинчидан, сўнгги 7 йилда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари доирасида ҳар бир ҳудудда “Нодавлат нотижорат ташкилотлар уйлари” ташкил этилди (350 та ННТ бепул жойлаштирилди).
Бешинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш божлари ўртача икки баробар пасайтирилди. Ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш эса бождан тўлиқ озод этилди. Қайта рўйхатдан ўтиш муддати бир ойдан 15 кунга қисқартирилди.
Олтинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан ўз тадбирларини ўтказишда адлия органининг рухсатини олиш талаби бекор қилиниб, уларнинг фаолият эркинлиги янада мустаҳкамланди.
Еттинчидан, ташқи манбалардан маблағ олиш жараёни осонлаштирилди. Махсус ҳисоб рақам очиш талаби бекор қилинди.
Маблағ олиш бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 40 кундан 15 кунга қисқартирилди. Бундан ташқари адлия органи билан келишмасдан олинадиган маблағ миқдори 5бараварга оширилди. Натижада сўнгги 7 йилда жалб этилган халқаро грантлар 125 миллион доллардан ошди.
Саккизинчидан, барча давлат хизматлари электрон тарзда кўрсатилмоқда. Бунинг учун алоҳида e-ngo.uz портали ишга туширилди.
Тўққизинчидан, фуқаролик жамияти институтлари ислоҳотларнинг энг яқин ҳамкорига айланди, ҳар йили қабул қилинадиган Давлат дастурларининг 350 та банди ижросида нодавлат нотижорат ташкилотлар бевосита иштирок этди.
Бугун яратилаётган қулай шароитлар натижасида фуқаролар ҳуқуқини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа соҳаларда қарийб 10 мингта нодавлат нотижорат ташкилотлар эркин фаолият юритмоқда, уларда 70 мингга яқин инсонлар меҳнат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган фармон юқоридаги ислоҳотларнинг узвий давоми бўлиб, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва соғлом рақобат тамойилига асосланган тизимини, шунингдек, ижтимоий фойдали дастурлар самарадорлигини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга қаратилган.
Фармон билан фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қуйидаги янги ислоҳотлар назарда тутилмоқда.
1. Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини оширишга хизмат қиладиган энг муҳим олтита йўналиши белгилаб берилди.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалари учун муносиб лойиҳаларни танлаб олиш сифати ва шаффофлигини ошириш мақсадида соҳадаги институционал ўзгаришлар қўллаб-қувватланди.
Хусусан, Парламент ҳузурида Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, ижтимоий лойиҳаларнинг манзиллилиги таъминланади, бюрократияга чек қўйилади.
Ушбу фондни бошқариш бўйича Парламент комиссиясига навбатма-навбат Сенат ва Қонунчилик палатаси вакиллари раислик қилиб боради.
Бу эса фондни бошқариш самарадорлигини оширади.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳузурида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат бўлган маслаҳат гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилади.
4. “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига 10 йил бўлган бўлсада, вазирлик ва идоралар ўзлари масъул бўлган соҳаларга ихтисослашган нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш эҳтиёжи мавжуд.
Шу боис, ҳар йили давлат органлари ижтимоий буюртма танловларини ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказиши белгилаб берилди.
Давлат органларига фуқаролик жамияти институтларининг ташаббусли ижтимоий шериклик лойиҳаларини БҲМнинг 1000 бараваригача танловларсиз молиялаштириш ҳуқуқи берилди.
5. Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросига фуқаролик жамияти институтларини ижтимоий шериклик асосида жалб қилишни тизимлаштириш мақсадга мувофиқ.
Мазкур йўналишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг кучларини бирлаштириш мақсадида эндиликда ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси алоҳида дастур қабул қилади.
6. Фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларига фуқаролик жамияти институти вакили раислик қилиши тартибига ўтилди.
7. Давлат грантлари ва ижтимоий буюртма лойиҳаларининг ижтимоий аҳамиятга молик эканлиги эътиборга олиниб, бундай лойиҳалар доирасида даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари 3 йил муддатга 50 фоизга камайтирилди. Тежалган маблағлар лойиҳа мақсадига йўналтирилади ҳамда уларнинг самарадорлиги ортишига хизмат қилади.
8. Ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар ташкилотларини тузишни янада енгиллаштириш учун 2025 йил 1 январдан бошлаб шундай ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи 2 бараварга камайтирилди.
9. Ҳозирда солиқ солинмайдиган хайрия маблағлари миқдори бор-йўғи 15 миллион сўмни ташкил этади. Агар бундай маблағлар ўз-ўзидан қийин вазиятдаги фуқароларга берилишини инобатга олсак, ушбу маблағдан ортиқ қисми солиққа тортилиши адолатдан эмас.
Шу боис, ҳомийлик ташкилотларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга хайрия пулининг солиқ солинмайдиган миқдори БҲМнинг 100 бараваригача оширилди.
10. Ташаббускор ва фаол фуқаролик жамияти институтларини моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича таклифлар маъқулланди.
Жумладан, ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” ўтказиб борилади. Унинг доирасида Парламент комиссияси томонидан соҳа вакиллари “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан тақдирланади.
Ҳар икки йилда Олий Мажлис фонди томонидан тақдирланадиган “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти таъсис этилади.
Журналистлар ўртасида ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ёритиш йўналишида номинация ташкил этилади.
11. Фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган ягона электрон платформа ишга туширилади.
Содда қилиб айтганда, фуқаролик жамияти институтларининг ўзи ва кенг жамоатчилик Олий Мажлис фонди ўтказадиган танловларнинг йўналишларини шакллантиришда бевосита иштирок этиши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, танловларнинг барча босқичлари, шу жумладан, ариза беришдан танлов натижасини эълон қилишгача барчаси рақамлаштирилиб, инсон омили минимал даражага туширилади, иштирокчилардан ортиқча ҳужжатлар сўралишига чек қўйилади.
Фармон фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга олиб чиқади, мазкур жараёнлар шаффофлигининг юқори стандартларини белгилайди.
Энг муҳими, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувидаги бевосита иштироки учун янги имкониятларни очиб беради, хусусан, ижтимоий шериклик институтини амалда ривожлантириш бўйича ташкилий ва ҳуқуқий шароитлар яратади, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати таъсирчанлигини оширади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур фармони мамлакатимиздаги туб ўзгаришлар жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган, хоҳиш-ирода ва интилишларини ифода этадиган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва аҳамиятини мустаҳкамлаш борасидаги жиддий аҳамиятли қадам бўлди.