Фуқаролик паспорти муборак бўлсин!
Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни яратиш борасидаги эзгу ишлар изчил давом этмоқда.
Хусусан, Тошкент вилояти ҳокимлигида Президентимизнинг тегишли фармони асосида бир гуруҳ шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортларини тантанали топшириш маросими ташкил этилди. Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, вилоят Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Абдувосит Абдураззоқов, тегишли ташкилот ва идоралар вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган ҳудудда яшовчи инсонлар иштирок этди.

Маросимда Президент Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган 48 нафар шахсга фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилди. Сўзга чиққанлар мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Айниқса, Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш билан боғлиқ жараёнларни янада такомиллаштириш, бу борадаги ҳуқуқий механизмларни соддалаштириш ва инсон манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фуқаролик инсоннинг давлат билан барқарор ҳуқуқий боғлиқлигини ифодаловчи муҳим мақомдир. У шахснинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ҳамда эркинликлардан фойдаланиши, шунингдек, жамият ва давлат олдидаги бурч ва мажбуриятларини амалга ошириши учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган ҳар бир шахс учун паспортнинг топширилиши нафақат расмий ҳужжатга эга бўлиш, балки янги ҳуқуқий мақомга эга бўлиш, ўз тақдирини мамлакатимиз тақдири билан янада чамбарчас боғлаш рамзи сифатида ҳам катта аҳамият касб этади.

Маросимда юртимизда тинчлик ва осойишталикни асраш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш муҳим вазифалардан экани қайд этилди. Уларга мамлакатимизда яратилган кенг имкониятлардан самарали фойдаланиш, жамият ҳаётида фаол бўлиш ҳамда юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш лозимлиги айтилди.
А.Мусаев, ЎзА