Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фуқароларнинг шахсий маълумотлари қай даражада ҳимояланган?

Парламент қуйи палатаси мажлисида 2025 йилги Давлат дастури ижроси муҳокамалари давомида депутатлар томонидан бир қатор саволлар ўртага ташланди.

Зуҳриддин Мавлонов, депутат:

— Ҳисобот даврида соҳаларга рақамли технологияларни жорий этиш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, электрон хизматлар сони 800 тага етгани, халқаро рейтингларда ҳам Ўзбекистоннинг рақамли технологияларни жорий этиш борасидаги кўрсаткичлари юқорилаётгани эътиборга молик.  

Аммо, шу билан бирга, яқинда 15 миллионга яқин фуқароларнинг маълумотлари сиздирилгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу борада фуқароларнинг шахсий маълумотлари қай даражада ҳимояланган, киберхавфсизлик масаласи қай даражада таъминланган?  

Шерзод Шерматов, рақамли технологиялар вазири:  

—  Рақамлаштириш борасидаги ишлар, жумладан аҳолини интернет билан қамраб олиш йўналишидаги саъй-ҳаракатлар натижасида сўнгги 3-4 йилда Ўзбекистон нафақат МДҲ, балки дунё бўйича ҳам энг яхши кўрсаткичларга эришмоқда.  

Шу билан бирга, тизимда хавфларнинг олдини олиш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилиши тақозо этилади. Киберхавфсизликни таъминлаш соҳасида ишлар олиб борилмоқда. Ҳамма давлат ташкилотлари киберхавсизлик бўйича 3 босқичли ҳимоя тизимидан ўтиши лозим.

Шахсий маълумотларни ҳимоялаш бўйича ҳам алоҳида тизим ўрнатилди. Масалан, шахснинг ўзи рухсат берсагина унинг ID маълумотларидан фойдаланишга рухсат берилди.

Шунингдек, СМСни бировга бериш хавфи ҳам бор эди. Эндиликда Марказий банк билан ҳамкорликда бу борада ҳам чоралар кўрилмоқда. Шу билан бирга, аҳолининг ўзлари ҳам огоҳ бўлиши, эҳтиёт чораларини кўриши лозим бўлади.  

Дилбар Мамажонова, ХДП фракцияси аъзоси:

— Ногиронлиги бор болалар учун қулай шароит яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар қилинмоқда. Мактаб ёшига етган 125 минг 16 нафар ногиронлиги бор болаларнинг 82 фоизи таълим-тарбия ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олинган. Аммо қолган 22 мингдан ортиқ инклюзив болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш масаласида қандай чоралар кўрилмоқда?

Азизбек Турдиев, мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари:

— Бугунги кунда уйда таълим олаётган болалар учун “uydatalim.uz” платформаси ишлаб чиқилган ва 15 мингта бола қамраб олинган. Мазкур платформа янада такомиллаштирилмоқда, онлайн ментор ва дарс жараёнлари мониторингини олиб бориш йўлга қўйилган.  

Бундан ташқари, 2021-2022-ўқув йилидан бошлаб республика бўйича тажриба-синов тариқасида 32 та умумтаълим мактабларида инклюзив синфлар ташкил этилган эди. Бугунги кунда бундай синфлар сони кўпайтирилиб, икки мингдан ортиқ ногиронлиги бор болалар инклюзив синфларда таҳсил олмоқда. Шунингдек, болалар боғчаларида ҳам инклюзив тарбия жараёнлари йўлга қўйилган. Ушбу таълим ташкилотларида махсус педагог ва ассистент штат бирликлари ташкил этилган бўлиб, педагогларга кўмаклашиш ишлари йўлга қўйилган.  

Шу билан бирга, онкологик, гемотологик касалликлар билан касалланган болаларнинг уйда таълим олиши учун ҳам шароитлар яратилган. Хусусан, “Меҳрли мактаб” тизими ҳам йўлга қўйилган бўлиб, 25 мингга яқин болалар қамраб олинган. Уларнинг 11 мингдан ортиғи боғча болалари ҳисобланади. Ногиронлиги бор болаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.

Муҳтарама Комилова, ЎзА