Жиззах вилоятидаги сайёр қабуллар – халқ ва ҳокимият ўртасидаги ҳаётбахш мулоқот намунасига айланиб бормоқда. Ушбу тадбирлар амалдорларни кабинетдан чиқариб, халқ оғриғи, эҳтиёж ва муаммоларига юзма-юз қарашга мажбур этмоқда. Амалда эса бу – давлат бошқарувидаги янги фазилат: “Ҳокимият халққа хизмат қилиши шарт!” деган фалсафанинг ҳаётга татбиқ этилишидир.
Жиззах вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Акмал Савурбаев томонидан Зомин тумани, Даштабод шаҳарчасида ўтказилган навбатдаги сайёр қабул ана шундай янгича услубдаги давлат хизматининг амалий ифодаси бўлди десак муболаға бўлмаса керак.
Тиббиёт бирлашмаси биносида ташкил этилган ушбу учрашувда жисмоний ва юридик шахслардан тушган 50 та мурожаат кўриб чиқилди. Улардан 15 таси жойида ижобий ҳал этилгани – давлат идораларининг жойларда ишлаш самарадорлиги ошиб бораёганини кўрсатади.

Эътиборлиси, ушбу сайёр қабул доирасида аҳоли саломатлигини таъминлаш ва профилактик тадбирларни кучайтириш мақсадида тиббий хизматлар ҳам ташкил этилди. Вилоятдаги нуфузли шифохоналарнинг етук тиббиёт мутахассисларидан ташкил топган махсус тиббий гуруҳ томонидан 300 нафар фуқаро бепул умумий кўрикдан ўтказилди. Уларга аниқ ташхислар қўйилиб, соғлиғида кузатилаётган муаммолар аниқланди, зарур тавсиялар, туман ва вилоят шифохоналарига йўлланмалар берилди.
Бу эса сайёр қабуллар фақат мурожаатларни тинглаш билан чекланмасдан, балки аҳолининг аниқ эҳтиёжларини жойида қондиришга қаратилганини яққол тасдиқлайди.
Муҳими, ҳар бир мурожаатга масъул мутасаддилар бириктирилиб, аниқ вазифалар белгиланди. Бу каби сайёр қабуллар фақат номигагина эмас, балки тизимли ечимларга йўналтирилганини кўрсатади.

Ана шундай тадбирлар халқ дардига қулоқ тутиш, уни тинглаш ва аниқ ечим топиш билан раҳбарларни халққа кўрсатаётган хизматининг мазмуни ўзгариб бораётганидан далолат беради. Халқнинг манфаати – давлатнинг асосий вазифасига айланмоқда.
Бундай ишлар тасодифий эмас, балки давомли ва тизимли равишда ташкил этилиши шарт. Чунки халқ ишончини қозониш – йиллар талаб қиладиган масъулиятли жараён, уни йўқотиш эса бир лаҳзанинг иши. Шу сабабли сайёр қабуллар фақат мурожаатларни тинглаш эмас, балки муаммоларни ечимга олиб чиқадиган самарали механизмга айланиши керак.
Амалий мулоқотлар эса давлат ва фуқаро ўртасидаги ишончли алоқани мустаҳкамлаб, инсон манфаатини давлат хизматининг марказига қўйишга хизмат қилади.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири