Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида эронлик хаттот Кове Темурийнинг шахсий кўргазмаси очилди.
Кове Темурий 1965 йилда Теҳронда туғилган. Аллома Таботабоий университетида социология йўналишида таҳсил олиб, магистрлик даражасига эга бўлган.

У хаттотлик ва ёзув эстетикаси бўйича 40 дан ортиқ илмий мақола ва тадқиқотлар, хаттотликка оид қатор китоблар муаллифидир ҳамда илмий-тадқиқот фаолияти билан бир қаторда 31 йилдан буён хаттотлик санъатидан сабоқ бериб келмоқда. Унинг асарлари нафақат Эрон, балки чет давлатлардаги кўргазмаларда ҳам намойиш этилган.
Маълумки, ислом анъанасида хаттотлик санъати бу шунчаки ёзув эмас, балки ижодкор қалбининг ойнаси бўлиб, бунда унинг фикрлари, туйғулари ва маънавий изланишлари акс этади. Кўргазма экспозицияси муаллифнинг классика ва замонавийлик уйғунлашган форс хаттотлиги соҳасидаги бадиий изланишларини очиб беради.

Томошабинлар эътиборига Қуръони Карим суралари, мумтоз ва замонавий адабий асарлардан парчалар, шунингдек, турли услубларда бажарилган абстракт хаттотлик композициялари тақдим этилган. Булар орасида академик жиҳатдан пухта ишлаб чиқилган дафтарий услубидан тортиб, тафаккурга чорловчи интизом ва ҳис-ҳаяжонли шайдойи услубларигача бўлган намуналар мавжуд.

Тадбирда қайд этилганидек, Кове Темурий томонидан “сиёҳ машқ” техникасида бажарилган анъанавий санъатнинг абстракт талқинлари алоҳида эътиборни тортади. Бу ритмик композициялар дастлаб ҳарфларни ёзиш маҳоратини сайқаллаш учун яратилган бўлиб, қалам ҳаракатининг эркинлиги ва эмоционал экспрессивлик билан мафтун этади, машқ қилиш жараёнини мустақил бадиий ифодага айлантиради.

Кове Темурий шунчаки хаттот эмас, балки фикрловчи рассом сифатида намоён бўлади. Темурий асарларида хаттотлик безакли ёзув доирасидан чиқиб, тафаккур шаклига, ички дунё ҳақида сўзлай оладиган тилга айланади ва ўзига хос визуал медитация сифатида акс этади.
Кўргазма жорий йилнинг 24 сентябригача давом этади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА