Физик олимларни қандай муаммолар қийнаяпти?
Физика фанини ўрганиш кўпчилик учун мураккаб туюлади. Унча-мунча ўқувчига бу фанни ўзлаштириш осон кечмайди. Аммо ҳаётимизда содир бўладиган табиий ҳодисаларнинг асл моҳияти мана шу фан билан боғлиқ.
Хўш, бугун физика соҳасида изланиш олиб бораётган олимларни қандай муаммолар қийнаяпти? Лабораторияларда улар учун зарур шароитлар яратилганми?
Фанлар академияси қошидаги Ядрофизика институти экология ва биотехнология лабораторияси мудири, техника фанлари доктори Бахтиёр Қурбонов билан шу ҳақда фикрлашдик.
— Ядрофизика институтининг мақсад ҳамда вазифалари нималардан иборат?
— Бизнинг ядро физикаси институтининг асосий вазифалари – материя тузилиши, атом ядролари таркибини чуқур тадқиқ этиш ва улардан инсоният манфаати йўлида фойдаланишдан иборат. Шунингдек, ядро реакциялари асосида янги изотоплар олиш, уларни халқ хўжалиги тармоқлари ҳамда тиббиётда қўллашга эришиш ҳам асосий вазифаларимиздан бири.
— Кейинги вақтларда институт томонидан қандай янги тажрибалар ўрганилди?
— Бугунги кун учун долзарб саналадиган тажриба ва тадқиқотларимиз кўп. Улардан энг асосийлари – ядро-физикавий ишланмалар асосида инсон микроэлементлар статусини баҳолаш услубиятини тиббиётга жорий қилиш, яъни инсон организмидаги микроэлементларнинг тақсимоти қонуниятлари бўйича инсон саломатлигига барвақт (хаста бўлишдан олдин) ташхис қўйиш. Яна бири функционал озиқ-овқатлар тизимини кенг ёйиб, мамлакат аҳолисини соғломлаштириш дастурини қабул қилиш.
— Лабораторияда ўрганишлар олиб бориш учун зарур илмий асбоблар етарлими?
— Ядро физикаси соҳасида тадқиқот ишлари ўтказиш ва янги натижаларни олиш нафақат олимларнинг илмий салоҳиятига, балки замон талабига жавоб берадиган илмий асбоблар, экспериментал базага ҳам боғлиқ. Асбоб-ускуна қанчалик замонавий бўлса, олимларнинг оладиган натижалари, илмий ишланмалари шунчалик юқори даражада бўлади.
Ядро физикаси соҳасида тажрибалар ўтказиш учун ноёб илмий асбоблар: юқори сезгирликдаги ярим ўтказгичли детекторлар, спектрометрлар зарур. Афсуски, илмий асбоблар билан институт ва лабораторияларнинг таъминоти замон талабидан анча орқада қолмоқда. Илмий лабораториялар қўллаётган асбобларнинг ёши 20-30 йилни ташкил этади. Ривожланган мамлакатлардаги илмий лабораториялар асбоблардан узоғи билан 5 йил фойдаланишади. Кейин янгисига алмаштирилади. Илмий салоҳиятда бизнинг ҳамюрт олимларимиз чет мамлакатлар олимларидан ҳеч ҳам қолишмайди. Фақат бизнинг экспериментал базаларимиз орқароқда.
— Ҳеч кимга сир эмас, кейинги пайтларда физика, химия каби фанларга ёшларнинг эътибори анча сусайди. Мактаблардаги лабораторияларда ўрганиш олиб бориш учун имкониятлар йўқ ҳисоби. Ёшларни физикага қизиқтириш учун нималарга эътибор бериш керак?
— Мактабларда физика фанига ўқувчиларни қизиқтириш учун қуйидаги ишларни қилиш керак:
1) Фан ютуқлари бўйича илмий-оммабоп рисола ва китобларни чоп этиш;
2) Физика ва техника ютуқларини, амалиётга жорий этилган илмий ишланмаларни кенг тарғиб қилиш. Олий ўқув юртларидаги физика лаборатория жиҳозларини янгилаш. «Физика фани қонунлари 100 йилда ҳам ўзгармайди», деган догмадан йироқлашиб, замонавий лаборатория асбоблари билан жиҳозланиши ва бўлғуси физика ўқитувчилари замонавий тажриба ишларини ўрганиб, кейин дарс беришга боришлари керак.
— Агар сизга қайсидир вазирлик томонидан «Ядро физика соҳасини ривожлантириш учун қандай амалий ёрдам керак?» деган савол берилса, нима деб жавоб берган бўлардингиз?

— Агар шундай мард топилса, айтадиган фикримиз: ядро физика соҳасини ривожлантириш учун:
1) Замонавий илмий асбоб-ускуналар билан таъминлаш (биз 5 йилдан буён вазирликка бундай заруратлар тўғрисида мурожаат қиламиз, натижа йўқ);
2) Ёшларни магистратурада тайёрлаш дастурини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, имкони бўлса, магистратура таълимини Фанлар академияси институтларига топшириш мақсадга мувофиқ.
Нигора Раҳмонова суҳбатлашди, ЎзА