Филиппинда зилзила содир бўлди: қурбонлари бор
Филиппин жанубидаги Минданао минтақасида юз берган 7,8 магнитудали зилзила қурбонлари сони 45 кишига етди.

Таъкидланишича, зилзила Саранггани провинциясидаги Каблалан муниципалитетидан 26 километр жануби-ғарбда содир бўлган ва оқибатда 80 мингга яқин киши жабр кўрган. Расмий маълумотларга кўра, ҳалок бўлганларнинг аксарияти қулаган бинолар вайроналари остидан топилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2 мингга яқин уй шикастланган, улардан тахминан 1500 таси бутунлай вайрон бўлган. Расмийлар вайронагарчилик кўлами туфайли минтақада тикланиш қанча вақт олишини аниқлашнинг иложи йўқлигини таъкидламоқда. Айни пайтда ҳудудда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Ер силкиниши Генерал Сантос аэропортига ҳам зарар етказганлиги, баъзи рейсларнинг бекор қилинишига ёки бошқа аэропортларга йўналтирилишига олиб келганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Зилзиладан сўнг Тинч океани қирғоқлари учун сунами ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди. Ўлка президенти Фердинанд Маркос сунами хавфи юқори бўлган ҳудудлар аҳолисини дарҳол баландроқ жойларга кўчишга чақирди.
Г.Сатторова, ЎзА