Орамиздаги қаҳрамонлар
Ҳар бир таълим муассасасининг ютуқ ва муваффақиятлари, аввало, унинг раҳбари фаолияти билан бевосита боғлиқ. Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги 9-умумтаълим мактаби директори Олия Узоқова ана шундай илғор раҳбарлардан бири сифатида таълим тизимида фаолият юритиб келмоқда.
Устозлик фаолиятини 51 йил аввал бошлаган Олия Узоқова 1995 йилдан буён мазкур таълим муассасасига раҳбарлик қилиб келмоқда. Унинг раҳбарлигида мактаб таълимида замонавий педагогик технологиялар кенг татбиқ этилмоқда, таълим ва тарбия жараёнлари тубдан такомиллаштирилмоқда.
Бугунги кунда 9-мактабда 121 нафар педагог фаолият юритмоқда. Улардан 10 нафари олий, 14 нафари биринчи тоифали мутахассислардир. Мактабда таълим олаётган қарийб 3 минг нафар ўқувчининг билим олишида ушбу педагогларнинг ҳиссаси беқиёс. Фаолият самараси сифатида сўнгги уч йилда 6 нафар ўқитувчи “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичида совриндорлар қаторига кирди. Шунингдек, 5 нафар ўқитувчи “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” унвони билан тақдирланди.
Хусусан, 2022-2024 йиллар давомида мактабнинг 56 нафар битирувчисидан 22 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга киргани таълим сифати юқори эканидан далолат беради. Бундан ташқари, ўқувчилар республика ва халқаро фан олимпиадалари, турли танлов ва спорт мусобақаларида муносиб иштирок этиб, кўплаб мукофотларга сазовор бўлган.
Мактабда ташкил этилган 25 та фан ва спорт тўгараклари фаолияти мунтазам йўлга қўйилган. Бу тўгараклар ёрдамида ўқувчилар ўз иқтидорларини ривожлантириш имконига эга бўлмоқда. Сўнгги уч йилда 12 нафар ўқувчи вилоят, 6 нафари эса республика фан олимпиадаларида юқори ўринларни эгаллади.
2023 йилда Республика миқёсидаги каратэ мусобақасида 5-синф ўқувчиси Сабрина Эгамбердиева 2-ўринни эгаллади. Шу йилнинг ўзида Самарқанд шаҳрида ўтказилган Республика очиқ баскетбол турнирида ўғил болалар жамоаси 3-ўринни, қизлар жамоаси эса 1-ўринни қўлга киритди.
2023-2024 йилги фан олимпиадаларида ҳам мактаб ўқувчилари катта муваффақиятларга эришди. 9-синф ўқувчилари Райҳона Ҳасанова ва Заҳро Ҳайитова рус тили фанидан 1- ва 2-даражали, 10-синф ўқувчиси Нозли Фармонова 2-даражали, 11-синф ўқувчиси Жасурбек Ҳасанов эса информатика фанидан 1-даражали диплом билан тақдирланиб, Республика босқичига йўл олди.
– Бугун таълим соҳасига қаратилаётган эътибор мислсиз, – дейди Олия Узоқова. – Қарийб ярим асрлик педагогик фаолиятим давомида бундай кенг кўламли имкониятларни илгари кузатмаганман. Ҳар бир ўқитувчи фақат фидойилик билан ишлаши, ўқувчини фарзандидек кўриши, унинг ютуқларидан қувониб, муваффақиятсизликларидан қайғура олиши керак. Чунки мактабда берилган сифатли таълим боланинг келажагида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Биз Президентимиз яратиб берган имкониятларга муносиб жавоб қайтаришимиз шарт.
Фидойи педагог, ташаббускор ва масъулиятли раҳбар сифатида Олия Узоқова таълим жараёнига замонавий ёндашувларни татбиқ этар экан, у ёш авлоднинг миллий қадриятлар ва маънавий қадр-қийматлар асосида тарбия топишига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.
[gallery-23491]
Унинг таълим соҳасидаги камтарона меҳнатлари муносиб баҳоланиб, 2020 йилда “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирлангани – фаолиятининг юксак эътирофи сифатида хизмат қилади.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбири.