Фестиваль ҳақиқий халқ байрамига айланди
Янги Ўзбекистонда Наврўз бу шунчаки фасллар алмашинувини нишонлайдиган байрам эмас, балки инсон қадрини улуғлаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган юксак маънавий аҳамиятга эга улуғ айёмдир. У халқимизнинг кўп асрлик анъаналари, урф-одатлари ва эзгу орзу-интилишларини ўзида мужассам этган ҳолда, жамиятда янгиланиш ва юксалиш руҳини қарор топтиради.
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида ҳам ушбу қутлуғ байрам кўтаринки руҳда, кенг қамровли тадбирлар билан нишонланди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Маданият вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!” шиори остида ташкил этилган “Наврўз сайли” фестивали ҳақиқий халқ байрамига айланди.
Туманнинг “Қўрғон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Ёшлар боғи”да зиёлилар, санъат аҳли, ёшлар ва турли миллат вакиллари жам бўлишди. Миллий либослар жилоси, маданиятлар уйғунлиги, халқона қўшиқ ва рақслар, самимий табассумлар ва меҳмондўстлик анъаналари байрамга алоҳида файз бағишлади. Ҳар бир иштирокчи ушбу муҳитда ўзини бир оила аъзосидек ҳис этди.
[gallery-28402]
Фестиваль доирасида халқ амалий санъатининг нодир намуналари кенг намойиш этилди. Рассомчилик асарлари, миллий каштачилик буюмлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари нафақат маҳаллий аҳоли, балки меҳмонларда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Уларда халқимизнинг юксак диди, меҳнатсеварлиги ва бебаҳо мероси ўз аксини топгани барчани мамнун этди.
Шунингдек, спорт мусобақалари ва кўргазмали чиқишлар байрамга алоҳида шукуҳ бағишлади. Ёшлар ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, шижоати ва интилишлари билан соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишлари юқори эканини намоён этишди.
Сайл давомида турли миллат ва элат вакилларининг бир саҳнада, бир майдонда бирлашиб, байрамни биргаликда нишонлаши юртимиздаги тинчлик ва барқарорликнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Шубҳасиз, бундай байрамлар халқимизни янада бирлаштиради, ёш авлод қалбида миллий ғурур ва ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлайди.
Дарҳақиқат, Наврўз — бу янгиланиш, эзгулик ва умид байрами сифатида ҳар бир юракда ёруғ орзулар уйғотиб, юртимизни янада равнақ топишига хизмат қилаверади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари