Фарзанди тарбиясига эътиборсиз бўлган 7 мингга яқин ота-она маъмурий жавобгарликка тортилди
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 18 мартдаги “Республикадаги криминоген вазиятни кундалик таҳлил қилиш фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан йилнинг биринчи чорагида вилоятда амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, мазкур йўналишда тегишли органлар ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шунга қарамай, йилнинг биринчи чорагида вилоятда 3233 та жиноят ҳисобга олинган ва уларнинг 757 тасини олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ташкил этган. Аҳолини ташвишга соладиган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўладиган босқинчилик, қотиллик, фирибгарлик, оддий ва ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари, жиноят содир этган шахслар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайди.

– Маҳаллаларда криминоген вазиятни яхшилаш мақсадида 160 та “намунавий хавфсиз кўча” ва 255 та “намунавий хавфсиз уй” ташкил қилиниб, маҳаллаларга 352 та видеокузатув, 387 та юз ва авторақамни таниб олувчи камера, 506 та домофон ўрнатилди, – деди Самарқанд вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари Сарвар Бозоров. – Кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари олдига 120 та ташвиш тугмалари жойлаштирилди. Натижада, камералар ёрдамида қидирувда юрган 72 нафар шахс ушланди, жазодан бўйин товлаб келган пробация ҳисобидаги 248 нафар ҳамда транспорт воситаси билан қоидабузарлик содир этган 114 нафар шахсга чора кўрилиб, 10 та жиноят фош этилди.
Ҳисобга олинган жиноятларнинг қарийб ярмини ахборот технологияларидан фойдаланиб содир қилинган жиноятлар ташкил қилди. Бу йўналишдаги 900 та жиноят фош этилиб, 556 та жиноят иши судларга юборилди. Кибержиноятлар натижасида 90 миллиард сўм зарар етказилганлиги аниқланиб, шу пайтгача 13 миллиард сўм маблағ жабрланувчиларга қайтарилди ва ҳисоб рақамларининг чиқиш транзакцияларига тақиқ қўйиш йўли билан 14 миллиард сўм пул маблағлари музлатилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида маҳалла ҳудудида содир этилган олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар юзасидан ўз хизмат вазифасини лозим даражада бажармаган 857 нафар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи шахслар интизомий жавобгарликка тортилиб, бир ҳолатда жиноят иши қўзғатилди.
– Вилоят ҳудудида жиноятларнинг барвақт олдини олиш мақсадида “Самарқанд тажрибаси” сифатида белгилаб олган устувор йўналишларимиз асосида ҳодиса жойига 5 дақиқада етиб бориш, “112” рақами орқали келиб тушган хабарларни кунлик таҳлил қилиш йўлга қўйилди – деди Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Тоҳир Арипов. – Ана шу таҳлиллардан келиб чиқиб, қайси маҳалладан қандай турдаги мурожаатлар кўплигига қараб соҳавий хизматлардан масъуллар бириктиряпмиз ва муаммолар ўз вақтида ҳал этилмоқда. “Чилонзор” ва “Иштихон” тажрибалари асосида 709 маҳаллада “Тозалаш” тадбирлари ўтказилиб, 203 минг 400 дан ортиқ хонадонда яшовчи аҳолининг 13 мингга яқин муаммоси аниқланди. Шу пайтгача бу муаммоларнинг 7215 таси ижобий ҳал этилди. Бундан ташқари, тадбирлар давомида, профилактика инспекторлари томонидан 26 322 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланди ва жавобгарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Натижада биринчи чоракда мазкур 709 маҳалланинг 514 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Шунингдек, ушбу маҳаллалар келиб тушаётган мурожаатлар ҳам ойдан-ойга камайди.

Бошқарма бошлиғи шу йилнинг 27 январь куни давлатимиз раҳбари томонидан хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича уюшган жиноятчилик, гиёҳвандлик, кибержиноятчилик ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш йўналишларида вилоятда амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратди.
Жумладан, киберхавфсизлик бўйича аҳолининг ҳуқуқий билимини оширишга қаратилган тарғибот тадбирлари натижасида ушбу йўналишдаги мурожаатлар январда 1012 та бўлгани ҳолда, февралда 650 та, март ойида 412 тани ташкил этган. Худди шундай, март ойида содир этилган кибержиноятлар сони февралга нисбатан 194 та (30 фоиз)га камайди.

Гиёҳвандликка қарши курашиш йўналишидаги ишлар натижасида 446 ҳолатда 57 килограмм 473 грамм гиёҳвандлик воситалари ва 3811 дона психотроп дори-воситалари тегишли ноқонуний айланмаси олди олинди. Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида эса 272 та жиноий ҳолат аниқланди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида олиб борилган ишлар давомида 1258 нафар аёлга “ҳимоя ордери” берилди. Фарзандининг тарбиясига эътиборсиз бўлган 6938 нафар ота-оналар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари