Фарзанддан юз ўгириб бўлмайди
Фарзанд ота-онага берилган энг тотли туҳфа. Оилада бола туғилар экан, унинг яшаши, келажаги учун она ҳам, ота ҳам бирдек масъул.
Аммо турли сабаблар билан ажрашиб кетаётган эр ва хотинлар кўп ҳолларда фарзандни нафақат моддий балки кучли руҳий азобларга гирифтор қилади.
Бироқ, ота ва онанинг ўзаро келиша олмай қолгани учун бола изтироб чекмаслиги керак. Минг афсуски, бу оддий ҳақиқатни ҳали англаб етмаётганлар кўпчиликни ташкил этади.
Чунки орамизда нафақат боласига меҳр кўрсатиш, балки унинг таъминотига ажратилган алимент пулидан бўйин товлашга уринаётган оталар йўқ эмас. Алиментдан бўйин товлашга уринаётганлар эса қонундан қочиб қутила олмайди, албатта.
Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ахборот хизматидан маълум қилишларича, жорий йилнинг олти ойида моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 893,4 миллиард сўм алимент пуллари ундирилди.
«Алимент тўловлари» жамғармаси ҳисобидан вояга етмаган фарзандини моддий таъминлаш мақсадида 1 минг 306 нафар ундирувчига 24,7 миллиард сўм пул маблағи тўлаб берилди.
Мисол учун, МИБнинг Чилонзор тумани бўлими иш юритувига суднинг ижро варақасига асосан қарздор И.Р.дан ундирувчи С.Р. фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдорида 18 ёшгача алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган.
Ушбу ижро ҳужжати бўйича қарздор ота томонидан МИБга фарзандларининг моддий таъминоти учун бир йўла 18 ёшгача бўлган барча алимент пулларини тўлаши маълум қилинган.
Шундан сўнг, И.Р.дан ундирувчи С.Р. фойдасига алимент бўйича олдиндан тўлов сифатида 321 миллион 35 минг сўм ундирувчига тўлиқ тўлаб берилди.
Алимент маблағини тўлаш истаги бўла туриб, бироқ иш ўрнига эга бўлмаган 13 минг 614 нафар фуқаронинг бандлиги масаласи ҳал этилди. Тушунтириш ва профилактика ишлари натижасида, 5,8 мингдан ортиқ оиланинг ярашишига эришилди.
Икки нафар вояга етмаган фарзанди бор яна бир ота эса алимент қарзи 83 миллион сўмга етгунига қадар бемалол юрган. Иш судга ошгач эса дарҳол қарзларини тўлади.
Аниқроғи, суд буйруғига асосан қарздор Қ.Ш.дан ундирувчи Х.Л. фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 1/3 қисм миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Яшнобод тумани бўлими иш юритувига келиб тушган.
Бюронинг туман бўлими давлат ижрочиси томонидан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4 моддасига асосан қарздор отага нисбатан жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида қарздор ота зиммасидаги бурчини бажарди.
Бу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА