Фармацевтика: Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ҳамкорлик алоқалари кенгаяди
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизовнинг Покистон Ислом Республикасига хизмат сафари доирасида икки мамлакат ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор учрашувлар ва тажриба алмашинувлари амалга оширилди.
Сафар давомида қатор нуфузли фармацевтика компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказилди. Хусусан, “PharmEvo” компанияси бош директори Ҳароон ва “High-Q Pharmaceuticals” раҳбари Атиф Иқбал билан бўлиб ўтган учрашувларда инвестициявий ҳамкорлик, соҳавий экспертлар алмашинуви ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон фармацевтика соҳасининг инвестициявий салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди ва компания раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюриб, ишлаб чиқариш ва инвестиция имкониятлари билан танишишга таклиф этилди. Учрашувлар якунида томонлар амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳаларни илгари суришда манфаатдор эканликларини билдирди.
Сафарнинг муҳим тадбирларидан бири мамлакатнинг энг йирик фармацевтика ишлаб чиқарувчиларидан бири – “Getz Pharma” компаниясига ташриф бўлди. Абдулла Азизов компаниянинг икки амалдаги ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда замонавий ускуналар билан жиҳозланган янги ишлаб чиқариш мажмуаси фаолияти билан яқиндан танишди. Ишлаб чиқариш жараёнлари илғор технологиялар асосида ташкил этилган бўлиб, маҳсулотлар халқаро сифат ва хавфсизлик стандартларига тўлиқ мувофиқлиги амалда намоён этилди.

Учрашувлар давомида инвестициявий имкониятлар, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган тақдимотлар ўтказилиб, узоқ муддатли шериклик ва қўшма инвестиция лойиҳалар учун аниқ йўналишлар белгиланди. "Getz Pharma"нинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан чуқур танишув компаниянинг сифат, хавфсизлик ва барқарор ривожланишга бўлган қатъий ёндашувини яққол кўрсатди.
Шунингдек, Абдулла Азизов “The Searle Company Limited” раҳбарияти билан ҳам учрашув ўтказди. Компания фаолияти, ишлаб чиқариш қувватлари ва маҳсулот портфели тақдим этилди. Музокаралар чоғида фармацевтика соҳасида ҳамкорлик истиқболлари, инвестициявий имкониятлар ва Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Агентлик томонидан компаниянинг Ўзбекистон бозорига кириши ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Сафар давомида Ўзбекистон фармацевтика тармоғи салоҳияти “Made in Uzbekistan” миллий стенди остида ташкил этилган халқаро кўргазмада намойиш этилди. Кўргазмада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотлари, тиббий буюмлар ва биологик фаол қўшимчалар тақдим этилди. Миллий стенд иштирокчилар ва хорижий ҳамкорлар томонидан эътибор билан кузатилди.
Кўргазма очилиш маросимида Покистон Бош вазирининг саноат ва ишлаб чиқариш масалалари бўйича махсус ёрдамчиси Харун Ахтар Ўзбекистон фармацевтика салоҳиятини юқори баҳолади ва икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Ушбу учрашувлар ва тажриба алмашинувлари икки мамлакат фармацевтика соҳасида ҳамкорлик истиқболларини сезиларли даражада кенгайтиради. Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари – инвестициявий лойиҳалар, қўшма ишлаб чиқариш, технология ва тажриба алмашинуви ҳамда Ўзбекистон маҳсулотларини минтақавий бозорларга чиқариш борасидаги келишувлар Ўзбекистон фармацевтика тармоғининг халқаро салоҳиятини янада юксалтириш ва МДҲ ҳамда Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА