Фармацевтика: Германия тажрибаси маҳаллий амалиётга уйғунлаштирилади
Илм-фан чегара билмайди. Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вакилларининг Германиядаги нуфузли Бонн университетида кечган учрашуви фикримизга бир мисол.
Дунё илм-фанининг флагманларидан саналган мазкур олийгоҳ делегациямизни келгусидаги глобал лойиҳаларнинг тенг ҳуқуқли ҳамкори сифатида қабул қилди. Университет лабораторияларидаги сўнгги русумдаги ускуналар, олимларнинг илмий изланишлари ва яратилган муҳит билан танишув жараёнининг ўзиёқ қандай улкан имкониятлар эшиги очилаётганини кўрсатди. Чунки гап фақатгина маълумот алмашишда эмас, балки амалий натижада эди.
Музокаралар якунида эришилган келишувлар ҳам буни яққол тасдиқлайди. Эндиликда мамлакатимиз ёшлари магистратура ва докторантура босқичларида Германия илмий мактабларида ўз билимларини оширади, тажрибали олимларимиз эса Бонн университетининг йирик лойиҳаларига бевосита жалб этилади.
Бундан ташқари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун йўлга қўйиладиган қисқа муддатли амалиётлар, ёзги мактаблар ҳамда Европанинг машҳур Erasmus+ ва Horizon Europe каби нуфузли грант дастурлари орқали қўшма тадқиқотлар ўтказиш имкониятлари яратилади. Бу каби кенг кўламли саъй-ҳаракатларнинг амалий натижасини таъминлаш учун яқин истиқболда Ўзаро англашув меморандумини имзолаш масаласи ҳам келишиб олинди.
Германиянинг илғор илмий тажрибасини маҳаллий амалиётга уйғунлаштириш йўлидаги ушбу ташаббус соҳа учун рақобатбардош кадрлар етишиб чиқишини таъминлайди ва миллий фармацевтикамизнинг жаҳон аренасида ўз сўзини айтиши учун кўприк вазифасини ўтайди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА