Фармацевтика – мамлакатимизда сўнгги йилларда жадал ривожланаётган соҳалардан. Жорий йилда 6,3 трлн. сўмлик фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини 250 млн. долларга етказиш режалаштирилган.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида бу ҳақда сўз юритилди. 2024 йилда соҳада амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Қайд этилдики, 2024 йилнинг 10 январидаги “Фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида берилган вазифалар ижросини таминлаш мақсадида Агентликнинг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари ҳар чоракда ҳудудларга чиқиб, тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказмоқда.

– Жорий йилда 6,3 трлн. сўмлик фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмини 250 млн. долларга етказиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда, – деди Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори А.Азизов. – 453 млн. долларлик инвестиция маблағлари ўзлаштирилади. Шу жумладан, 166 млн. долларлик 32 та лойиҳа ишга туширилади ҳамда 1 500 та янги иш ўринлари яратилади. “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластерининг лабораториялари ва Виварий биноси қуриб битказилади. Дорихоналарга Зарур дорихона амалиёти – (GPP) стандартини жорий этиш ишлари якунланади. Бунинг натижасида 12 мингдан ортиқ дорихоналарда “GPP” сертификати жорий этилади.
Мутасаддининг сўзларига кўра, Зарур амалиётлар маркази GxP бўйича халқаро “Pharmaceutical Inspection Co-operation Scheme” (PIC/S) ташкилотига аъзо бўлиш учун ариза топшириш ҳам режалаштирилган бўлиб, ҳозирда тайёргарлик жараёнлари қизғин кечмоқда.
Шунингдек, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ва Зарур амалиётлар маркази Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “Глобал баҳолаш воситаси” (WHO Global Benchmarking Tool) ёрдамида баҳолашдан ўтказилади. Эксимбанкнинг имтиёзли кредитлари ҳисобидан Фармацевтика техник университети биносини қуриш ишлари бошланади. Фармацевтика кластерининг Техно-парк ҳудудида Илмий-тадқиқот лабораторияси (R&D маркази), Фармацевтика маҳсулотлари экспертизаси лабораторияси ҳамда Виварий биноларида қурилиш ишлари тўлиқ якунланади. Фармацевтика кластерининг илмий-ўқув қисмини ташкил этишнинг II босқичи, Клиника тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича консультантларни танлаш учун тендер ўтказилади ҳамда батафсил лойиҳалаш ишлари якунига етказилади.
Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига батафсил жавоб берилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА