Фарҳод Ғаниев: коррупциявий жиноятларга нисбатан жазо муқаррарлиги изчил таъминланмоқда
Президентимиз Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши курашишни кучайтириш учун “фавқулодда ҳолат” эълон қилганидан хабарингиз бор.

Бу борада суд тизимида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Фарҳод Ғаниев суд тизимида коррупцияга қарши курашиш кескин кучайтирилгани баробарида шундай ҳолатларга йўл қўйган шахслар билан боғлиқ ишлар бўйича айбдорлар қонуний жазосини олаётганини қайд этди.
– Суд амалиёти таҳлилига назар ташласак, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича туман судлари томонидан 2025 йил давомида коррупциявий жиноятлар билан боғлиқ 462 нафар шахсга нисбатан 264 та жиноят иши кўриб чиқилди, – дейди Ф.Ғаниев. – 453 нафар шахсга 256 айблов ҳукми чиқарилди. 3 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди, 6 нафар шахсга нисбатан ишлар тугатилди.
Судланганларнинг 19,6 фоизи – жарима, 12,6 фоизи – ахлоқ тузатиш ишлари, 22,1 фоизи – озодликдан чеклаш, 33,3 фоизи озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган бўлса, 8 фоизига шартли жазо тайинланган. 188 нафар судланувчи қўшимча жазо сифатида муайян ҳуқуқдан ҳам маҳрум этилган.
Мисол учун, фуқаро А.Қ. Тошкент халқаро аэропортида масъул лавозимида фаолият юритган. Аммо у мансабдор шахс сифатида ўз хизмат мавқеидан ғаразли мақсадда фойдаланиб, чиқиш визаларини расмийлаштириб бериш эвазига турли миқдордаги пулларни пора сифатида талаб қилиб келган. Чет эллик фуқаро М.А.дан ўзининг хизмат хонасида бир миллион сўм олиб, унга “Exit” визасини расмийлаштириб берган. Умуман айтганда, у 31 ҳолатда пора олган.
2025 йил 19 июль куни у фуқаро А.С.дан 200 АҚШ долларини пора сифатида олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ушланган.
Жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди ҳукми билан А.Қ.га 2 йил муддатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Солиқ тизимида фаолият юритган С.Т. ва У.Х. ўзаро жиноий тил бириктириб, порахўрлик жиноятини содир этган. Яъни, улар ўз хизмат мавқеидан қасддан фойдаланиб, Яккасарой туманида жойлашган умумий овқатланиш шохобчасини ўрганиб, унинг иш юритувчисига солиқ текширувларини ўтказмаслик ва шохобча фаолиятига раҳбарликни олиб бериш эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилган. Улар бу маблағни пора сифатида олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Суд томонидан ҳар иккала судланувчи Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “г” банди билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга солиқ соҳасида раҳбарлик ва моддий вазифаларда, шунингдек мансабдор бўлиб ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Суд амалиётида шу тарзда коррупциявий жиноятларга нисбатан жазо муқаррарлиги изчил таъминланмоқда. Бу хизмат бурчини бажариш вақтида ҳамон тамагирлик қилишга уринаёган шахсларга сабоқ бўлиши керак. Зеро, кўза кунда эмас, кунида синади.
Норгул Абдураимова, ЎзА