Фарғонада замонавий стартап маркази иш бошлади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона туманида “Ёшлар куни” тадбирлари доирасида Баҳор маҳалласи ҳудудида замонавий “Ахборот технологиялари шаҳарчаси” стартап маркази тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида туман ҳокими Ҳамидулло Иномов, туман прокурори Ойбек Тошпўлатов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ҳамда ёшлар иштирок этди.
[gallery-28949]
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда рақамли технологияларни ривожлантириш, ёшларни ахборот технологиялари соҳасига кенг жалб этиш ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталди. Таъкидланганидек, янги марказ ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим майдон вазифасини ўтайди.
Маросим рамзий лента қирқиш тадбири билан давом этди. Шундан сўнг иштирокчилар марказда яратилган шароитлар билан танишиб, мутахассислардан унинг фаолияти ва ўқув йўналишлари ҳақида батафсил маълумот олди.
Замонавий компьютер техникаси билан жиҳозланган мазкур марказ бир вақтнинг ўзида 60 нафар ёшни қамраб олиш имкониятига эга. Бу ерда дастурлаш, уч ўлчамли моделлаштириш, робототехника, рақамли маркетинг, мобиль тасвирга олиш ва видеомонтаж каби йўналишларда бепул таълим берилади.
Шунингдек, курсларни муваффақиятли тамомлаган ёшларга сертификатлар берилади ва улар ҳамкор ахборот технологиялари компанияларида ишлаш имкониятига эга бўлади. Режага кўра, марказда ҳар йили қарийб 5 минг нафар ёш замонавий ахборот технологиялари бўйича билим олади.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА