Фарғонада “Янги Ўзбекистон қиёфаси” дастури ижроси изчил давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 8 октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юртимизнинг 33 та шаҳар ва туманида “Янги Ўзбекистон қиёфаси”ни шакллантириш бўйича устувор вазифалар белгиланган.
Мазкур дастур доирасида Фарғона вилоятидаги 4 та шаҳар ва туман қаторида Ёзёвон туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан туман ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
[gallery-28462]
Тадбир доирасида Ёзёвон тумани ҳокими Дилшод Жалилов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Таъкидланишича, қарор ижросини таъминлаш мақсадида давлат бюджетидан туманга 100 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон қиёфаси” дастури амалга оширилаётган “Қоратепа”, “Сойёни” ва “Юқори” маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бирига республика бюджетидан 5 миллиард сўмдан, “оғир” тоифага киритилган яна 6 та маҳаллага эса 3 миллиард сўмдан маблағ ажратилиши белгиланган. Умуман, туман миқёсида 132 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда.
Айни пайтда мазкур маҳаллаларда ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси асосида қурилиш-бунёдкорлик ишлари, транспорт-логистика ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилашга қаратилган лойиҳалар жадал амалга оширилмоқда. Бу эса инфратузилмани замонавий талаблар асосида ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартиришга хизмат қилади.
— Шу мақсадда саноат, хизмат кўрсатиш, сервис, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда умумий қиймати 1 триллион 382 миллиард сўмлик қарийб 400 та истиқболли лойиҳа амалга оширилмоқда, - дейди туман ҳокими Дилшод Жалилов. — Бу лойиҳалар доирасида 4 мингдан ортиқ юқори даромадли янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Пресс-тур иштирокчилари дастурга киритилган маҳаллаларда бўлиб, “маҳалла еттилиги”, нуронийлар, фаол ёшлар ва тадбиркорлар билан мулоқотлар ўтказди. Шунингдек, янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари ва ижтимоий соҳа объектларида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА