Фарғонада спорт инфратузилмаси ва мавжуд имкониятлар ўрганилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари А. Каримовнинг Фарғона вилоятига ташрифи давомида ҳудудларда спорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд инфратузилма ва истиқболдаги режалар ўрганилди.
Хусусан, Ёзёвон туманида яқинда фойдаланишга топширилган спорт мактаби биноси, марказий ўйингоҳ ҳамда спорт тўгараклари фаолияти кўздан кечирилди. Туманда спорт соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳалар тақдимоти ўтказилиб, спорт иншоотларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-31428]
Бувайда туманидаги спорт мактаби ва “Бачқир” спорт мажмуасида ёшлар учун яратилган шароитлар, машғулотлар жараёни, моддий-техник база ҳамда футбол майдони имкониятлари ўрганилди. Объектларнинг иситиш тизимларини соз ҳолатга келтириш ва куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш бўйича кўрилаётган чораларга эътибор қаратилди.
Риштон тумани спорт мактабида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳам кўздан кечирилди. Бу ерда яратилаётган шароитлар ва келгусида спорт инфратузилмасини ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, геоколлектор тизимларидан самарали фойдаланиш, уларнинг имкониятларини кенгайтириш ҳамда спорт таълими муассасаларини куз-қиш мавсумига пухта тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.
Ташриф якунида спорт объектларидан самарали фойдаланиш, ёшларни спортга кенг жалб этиш, машғулотлар сифатини ошириш, муҳандислик ва иситиш тизимларининг барқарор ишлашини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА