Фарғонада “Миллий қадриятлар” фестивали
Марғилон шаҳрида “Миллий қадриятлар” фестивали бўлиб ўтди. Фарғона вилояти ҳокимлиги, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган байрамона тадбирда уюшмаган ёшлар, умумтаълим ва касб-ҳунар мактаблари, техникумлар ўқувчилари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Шаҳардаги 2-сон касб-ҳунар мактабида ташкил этилган фестивални вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзод Раҳимов очиб, миллий ўзликни англашда қадриятларнинг ўрни муҳим эканлигини таъкидлади.


– Маълумки, бу йилдан бошлаб вилоятимиз миқёсида “Миллий қадриятлар” фестивали ўтказилиши белгиланган. Ушбу фестивалнинг дастлабки тадбирлари кўҳна Марғилон шаҳрида ташкил этилиши ҳам бежиз эмас. Зеро, Марғилон азалдан миллий қадриятлар, анъана ва урф-одатлар бешиги саналади, – деди Ш.Раҳимов. – Давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”, деган фикрлари ушбу фестивалнинг мазмун-моҳиятини очиб беради. Бинобарин эзгуликка йўғрилган миллий урф-одатларимиз, хайр-саховат, меҳр-оқибат, ор-номус, шарм-ҳаё каби қадриятларимиз бизнинг ким эканлигимизни кўрсатиб берувчи ойна ҳисобланади. Миллий қадриятларга ҳурмат билан қараш эса миллатнинг ўзига нисбатан эҳтиром белгисидир.


Фестиваль доирасида иқтидорли ёшларнинг чиқишлари, миллий ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси, миллий ош танлови, миллий либослар намойиши ўтказилди. Ўзбекона лутф ва миллий куй-қўшиқлар жаранги, оқ яктак, чорси ва дўппи кийган шашти баланд йигитлар ҳамда эгнига атласу адрасдан гўзал либослар илган, қарашлари ҳаё-ибога лиммо-лим моҳитоб қизлар кулгиси байрамга ўзгача тароват бахш этди. Сўриларда чордана қуриб ўтирган нуронийлар суҳбати, аския пайровлари қалбларга қувонч улашди.
– Бундай тадбирларни кўпроқ ўтказиш тарафдориман. Европача удумларга, ажнабий қўшиқларга ружу қўяётган фарзандларимизга миллийлигимизни кўрсатиш, қадриятларимизнинг мазмун-моҳиятини англатишимиз керак, – дейди Марғилон шаҳар Бобур маҳалласида истиқомат қилувчи 72 ёшли Собиржон ота Мадраҳимов. – Яқин тарихимизда дўппи, тўн кийиш, ўзбекча гапириш тақиқланган даврлар ҳам бўлган. Шукрки, бугун мустақилмиз, эркимиз ўз қўлимизда. Миллий анъаналаримизни асраб-авайлаш, қадриятларимизни бойитиб, келажак авлодларга безавол етказиш барчамизнинг бурчимиз.


Ёшлар томонидан тикилган бежирим либослар, сочлари қирқкокил қўғирчоқлару келинчаклар уйини безовчи сўзаналар, марғилон нусха дўппилар кўргазмаси, қўғирчоқбозларнинг чиқишлари, миллий чолғуларда ижро этилган куйлар, карнай-сурнай наволари барчага хуш ёқди. Тадбир якунида эса танловлар ғолиблари муносиб тақдирланди. Уларга ҳам миллий адабиётимизнинг дурдона асарлари жамланмаси тақдим қилинди.
– Ёшларимиз бундай байрамларни соғинган экан, яйрашди. Миллий қадриятларимизга нисбатан улардаги меҳрни кўриб қувонасан киши. Атоқли шоиримиз ҳам “Қайга борсам, бошда дўппим, ғоз юрарман гердайиб...” деб бежиз ёзмаган-да. Кайвони момолар айтган аллалар, келинсалом, қизларимиз жўр бўлиб куйлаган лапарлар ўзлигимизни яққол намоён этди, деб бемалол айтиш мумкин, – дейди касб-ҳунар мактаби махсус фан ўқитувчиси Муаззамхон Ҳайдарова.


“Миллий қадриятлар” фестивали вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири