Фарғона-Туркия: ҳамкорлик имкониятлари
Фарғона вилояти ташқи иқтисодий алоқаларида Туркиянинг ўрни салмоқли. Масалан, 2026 йилда Қува туманида 26 гектарда Туркиянинг “Heyal Holding” компанияси томонидан икки босқичли лойиҳа қиймати 350 млн.доллар бўлган “Турк махсус саноат зонаси” ташкил этилмоқда. У фойдаланишга топширилса, 4 минг иш ўрни яратилади.
Айнан шунинг учун ҳам Фарғона ва Туркия тадбиркорлари ҳамкорлиги кун сайин мустаҳкамланиб боряпти. Айни кунларда Фарғона вилояти делегацияси Туркияда бўлиб турибди. Болу вилоятидаги паррандачилик кооперативида бўлган мулоқотларда Бешариқ, Ўзбекистон ҳамда Фарғона туманларида паррандачилик кооперативларини ташкил этиш бўйича йирик турк инвесторлари билан келишувлар муҳокама қилинди.

Мазкур ташаббуслар орқали вилоятда паррандачилик тармоғини янада ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

Шундан сўнг вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев бошчилигидаги делегация Туркиянинг йирик саноат корхоналаридан бири — "Бейпилиç Ҳолдинг" фаолияти билан яқиндан танишди.
1981 йилда Анқара вилоятининг Бейпазари туманида озуқа маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаган компания бугунги кунда бош офисини Болу шаҳрида жойлаштирган бўлиб, паррандачилик соҳасида тўлиқ интеграциялашган тизим асосида фаолият юритмоқда.

Мазкур тизим доирасида товуқ тухумидан тортиб тайёр гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараёнлар компания назорати остида амалга оширилади.
Компания тасарруфида замонавий озуқа заводлари, инкубация марказлари ва селекция фермалари мавжуд бўлиб, маҳсулотларни тайёрлаш ва уларни бозорларга етказиб бериш ишлари ҳам йўлга қўйилган. 150 турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Эътиборлиси, компания Туркия бўйлаб 3000 га яқин мустақил фермер хўжаликлари билан ҳамкорлик қилади. Бу эса қишлоқ жойларида ўн минглаб оилаларнинг бандлигини таъминлайди.
Ташриф давомида делегация аъзолари компаниянинг ишлаб чиқариш қувватлари ва бошқарув тажрибаси билан танишиб, ўзаро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан музокаралар олиб бордилар.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА