Фарғона тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган қурувчилар
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва ҳудудлар ободлигини таъминлашга қаратилган қурилиш ишлари изчил амалга оширилмоқда. Ана шу жараёнларда Бувайда туманида фаолият юритаётган «Трест-6» масъулияти чекланган жамияти жамоаси ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Кўп йиллик тажрибага эга корхона жамоаси Фарғона вилояти ва республика миқёсидаги қатор йирик қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Корхонада юздан зиёд муҳандис-техник ходим ва қурувчи меҳнат қилади.
Жумладан, Фарғона шаҳридаги “Farg‘ona Expo” халқаро кўргазмалар маркази, Марғилондаги Бурҳониддин Марғиноний номидаги туризм марказининг минораси, бош дарвозаси, бинолар фасади ва ички йўллари, шунингдек, Фарғона шаҳридаги “Эко шаҳар” мажмуасидаги кўп қаватли турар-жойлар қурилишида корхона мутахассислари иштирок этди.
[gallery-30520]
“Шуҳрат” медали соҳиби, тадбиркор Баҳром Қодировнинг таъкидлашича, айни пайтда жамоанинг асосий вазифаси Бувайда туманида барпо этилаётган “Янги қўнғирот” турар-жой мажмуасини белгиланган муддатда ва сифатли қилиб фойдаланишга топширишдан иборат.
Лойиҳа доирасида саккизта етти қаватли кўп квартирали уй қурилмоқда. Шунингдек, туманда мебелчилик ва темирчиликка ихтисослаштирилган саноат зонасида ҳам қурилиш ишлари давом этмоқда. Мазкур лойиҳалар янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Корхона жамоаси мазкур объектларни Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида фойдаланишга топшириш учун барча куч ва имкониятларини сафарбар этган.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА