“Фан ва атом” фестивали ўтказилмоқда
Бугун “Ўзатом” агентлигида “Фан ва атом” фестивалининг иккинчи кун тадбирлари ўзи ишини бошлади. Унда талабалар ва мактаб ўқувчилари “Ақлли Тошкент” илмий шоуси ва “Юқори қувватли реакторлар VS Кичик модулли реакторлар” мавзуида илмий баҳсларда иштирок этмоқда.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда ҳар йил ўтказилиб келинаётган “Фан ва атом” фестивали ёшларга атом фани ва технологияларидаги сўнгги ютуқлар ҳақида тўлиқ маълумот бериш, шунингдек, мактаб ўқувчилари ва талабалар ўртасида муҳандислик йўналишларини оммалаштириш учун мўлжалланган муҳим тадбир ҳисобланади.
“Ўзатом” агентлиги матбуот хизмати раҳбари Гулрухсор Равшанованинг таъкидлашича, атом саноати ва ядро технологиялари ривожланиб бораётган дунёнинг кўплаб мамлакатларида илм-фан ва атом фестиваллари мунтазам равишда ўтказиб борилади.
Ушбу фестиваль Ўзбекистонда 2019 йилдан буён “Ўзатом” агентлиги ва “Росатом” давлат корпорацияси кўмагида ўтказиб келинмоқда. Бу йил тадбир Тошкент шаҳридаги “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университетининг филиали, Атом технологиялари ахборот марказида ўтказилади. Аҳамиятлиси, бу йилги фестиваль кенгайтирилган кўнгилочар ўқув дастурларини ўз ичига олган бўлиб, тадбир уч кунлик атом ва технологиялари оламига тўлиқ шўнғиш учун ажойиб имконият яратади.
Фестивалнинг биринчи кун тадбирлари Тошкент шаҳридаги “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университетининг филиалида бўлиб ўтди. Унда ўқувчилар дастур доирасида тадбирларга қатнашди ва улар учун филиалнинг ўқув биносига экскурсия уюштирилди. Мактаб ўқувчилари университетдаги ўқув шароитларини ўз кўзлари билан кўришди, илмий изланишларда қатнашди ва олий даргоҳ негизида тайёрланаётган ядро ва энергетика физикларининг касби ҳақида кўпроқ маълумот олишига имконият яратилди.
Фестивалнинг учинчи куни Жиззах вилояти Фориш туманидаги умумтаълим мактабда бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Фестивалнинг энг фаол иштирокчилари махсус совғалар билан тақдирланади.
Фестиваль 16 декабрь куни ўзи ишини якунлайди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,
ЎзА