Фан ойлигида ўқувчилар фаол иштирок этди
Март ойида республикамиз бўйлаб, умумтаълим мактабларида “География ва иқтисод фан ойлиги” ўтказилди. Ойлик доирасида фанга доир турли танловлар, беллашувлар, қизиқарли мавзуларда очиқ дарслар ташкил этилди. Бу ўқувчиларнинг фанга қизиқишини янада ошишига хизмат қилмоқда.
Намунавий очиқ дарслардан бири Қарши шаҳридаги 7-умумтаълим мактабининг география фани ўқитувчиси Марғуба Хуррамова томонидан юқори синф ўқувчилари учун “Сингапур”, “Индонезия”, “Малайзия” мавзуларида янги педтехнологиялар асосида ташкил этилди.
[gallery-6511]
– Ойлик доирасида ўқувчилар фаол иштирок этди, – дейди география фани ўқитувчиси М.Хуррамова. – Масалан, 5-6-синф ўқувчилари иштирокида “География – менинг севимли фаним” мавзусида “Билимлар беллашуви” ташкил этилди. Ўтказилган “Билимлар беллашуви” да 6- “В” синф ўқувчилари ғолиб бўлди. Ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар мактаб маъмуриятининг “Фахрий ёрлиғи” ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, 7-8-синф ўқувчилари ўртасида “Қизиқарли география”, “География оламига саёҳат” мавзуларида беллашувлар, “Мен иқтисодчи бўламан” номли кўрик-танловлар ташкил этилди. Ўқувчиларнинг қизиқишини янада ошириш мақсадида фанга оид турли кўргазмалар, буклетлар, тарқатма материаллар тайёрлаб тарқатдик.
Қарши шаҳридаги 7- умумтаълим мактаби шаҳардаги намунали таълим муассасаларидан бири бўлиб, айни пайтда минг нафарга яқин ўқувчи икки навбатда таълим-тарбия олмоқда. Уларга 69 нафар олий маълумотли педагоглар таҳсил беради.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА