Эъзоз бор жойда – маънавият тирик
Ҳақиқий ижодкорнинг кўнгли гулдек нозик, эҳтимол, гулдан ҳам нозик бўлади. Чин эътибор ва эътирофдан осмону фалаклар қадар парвоз қилади, маррани янада баланд, янада шиддатли олади.
Қурбон ҳайитининг шукуҳи кезиб юрган шундай улуғ кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат, адабиёт аҳлини мукофотлашга оид бир эмас икки фармони нафақат мамлакатимиз зиёлиларини, балки бутун халқимизни қувонтиргани аниқ.
Миллий маънавиятимиз, адабиёт ва санъат равнақи устозлар ижоди билан боғлиқ. Мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида сўз санъати, театр, кино, хореография, тасвирий санъат ривожига улкан ҳисса қўшган устозларнинг хотирасини эъзозлаш, уларнинг табаррук ёдига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш борасидаги ибратли ишлар янги ривожланиш босқичига кирди. Устозларнинг фаолиятини мукаммал ўрганиш ва тарғиб этиш, уларнинг уй-музейларини ташкил қилиш, ижодий лаборатория ва мактабларини олий ўқув юртлари, бадиий жамоалар ҳамда театрларда чуқур ўрганиш борасида амалий қадамлар ташланди.
Давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармони Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, аждодлар хотирасига муносиб эҳтиром кўрсатиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатларимиз янги босқичга чиққанининг яна бир амалий ёрқин намунаси. Унда устоз санъаткорлар ва қалам аҳлининг бир гуруҳи жамиятимизда эзгулик ва меҳр-оқибат, ватанпарварлик ва бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш йўлидаги унутилмас хизматлари юксак эътироф этилиб, Ватанимизнинг “Буюк хизматлари учун”, “Эл-юрт хизмати”, “Фидокорона хизматлари учун”, “Меҳнат шуҳрати”, “Дўстлик” орденларига сазовор бўлди.
Жумладан, атоқли режиссёр Шуҳрат Аббосов яратган “Маҳаллада дув-дув гап”, “Тошкент — нон шаҳри”, “Сен етим эмассан”, “Абу Райҳон Беруний”, “Шум бола”, “Отамдан қолган далалар”, “Дилор, Дилор, дил ва ор” каби бадиий картиналар миллий кинематографиямизнинг дурдоналари бўлиб, ўзбек кино санъатини жаҳонга танитган фильмлардан саналади.
Ўзбекистон халқ артистлари Ғани Аъзамов, Зайнаб Садриева, Ҳамза Умаров, Обид Юнусов, Марьям Ёқубова, Манзура Ҳамидова, Ўлмас Алихўжаев, Икрома Болтаева, Жамшид Зокиров, Ҳожиакбар Нурматов, Тўлқин Тожиев, Дияс Раҳматов, Юлдуз Ризаева каби актёрларнинг сиймоси миллий кино ва театримизда ҳақиқий афсонага айланган, десак янглишмаймиз.
Устоз санъаткорлар Расулқори Мамадалиев ва Ўлмас Саиджоновнинг жарангдор, ўткир овози, миллий мумтоз қўшиқларимизнинг бетакрор ижроси миллионлаб қалбларга етиб борган. Бу ижролар қўшиқчилигимизнинг олтин фондидан муносиб ўрин олган.
Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов сингари миллатпарвар адабиёт вакилларининг асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Уларда бонг урилган инсоний, маънавий-ахлоқий масалалар бугун ҳам долзарблиги ва глобал аҳамияти билан диққатга сазовор.
Атоқли олим Эдвард Ртвеладзе энг оғир табиат шароитларида ҳам миллий тарихимиз ва археологиямизга оид топилмаларни излаб топиш, уларнинг тарихини ўрганишда тинимсиз заҳмат чеккан, умрини шу йўлга бағишлаган олимларимиздан эди. Айни пайтда Эдвард Васильевичнинг она тилимизга ҳурмати, уни нечоғли эъзозлаши, камтарлиги, Ўзбекистон илм-фани йўлидаги фидойилиги кўплаб ёш олимлар учун чин маънодаги ибратдир.
Айтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда ижодкорлар меҳнати доимий эъзоз ва эътиборда эканини яна бир бор кўрсатади. Бу эса санъат ва қалам аҳлига янгидан-янги илҳом, ижод завқини бағишлаши шубҳасиз.
Таниқли санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Ғиёс Бойтаевнинг қўшиқлари бугун жуда камёблашиб бораётган миллийлиги, ўзбекона руҳи ва бетакрорлиги билан мухлислар меҳрини қозонган. Хонанданинг сўзга масъулияти, саҳнага ва томошабинга ҳурмати санъат йўлидаги кўплаб ижрочилар учун намуна.
Ўзбекистон халқ рассоми, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Театр безаги рангтасвири кафедраси доценти Мавзур ака Маҳмудов миллий анимация соҳасининг ҳақиқий билимдони ва заҳматкаши, ёшлардан билими, меҳри ва эътиборини аямайдиган жонкуяр устоздир.
Ўзбекистон халқ шоири Шарифа Салимова юртимизнинг чин маънодаги онахон ижодкори, Ватан қайғуси ва эл-юрт дарди билан яшайдиган ардоқли қаламкаши. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди директори, адабиётшунос Олимжон Давлатов ҳазрат Навоий меросини Ўзбекистон ва хорижда самарали тарғиб этиб келаётган заҳматкаш олимларимиздан саналади.
Шеъриятимизнинг зебо вакиласи, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Зебо Мирзаева доим билимга ташна, шеъриятга ошно, полапондек чуғурлаган ёшлар қуршовида. Адабий мулоқотларда, давра суҳбатлари ва шеърхонлик кечаларида Зебо опа шеър ўқиган пайтларда ёшларнинг баралла жўр бўлганига кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Инсон камолоти, унинг орзу ва изтироблари, миллат дарди Зебо Мирзаева сатрларида доимо баралла янграйди.
Бугун маънавият соҳасига, юртнинг эртанги кунига дахлдор бўлган оғриқли масалаларни дадил кўтаришда миллатимиз зиёлилари, устоз ижодкорлар — “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Усмон Азим, “Эл-юрт ҳурмати” орденига сазовор бўлган Эркин Аъзам, атоқли режиссёр Зулфиқор Мусоқовларнинг ҳиссаси катта. Уларнинг ижод намуналари ҳақиқат овозига айлангани, безагу ҳашамлардан холи бўлгани боис нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам шуҳрат қозонган.
“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиблари — Ўзбекистон давлат консерваториясининг ўзбек мусиқаси тарихи кафедраси доценти, мусиқашунос Отаназар Матёқубов миллий мақом санъати тадқиқотига умрини бағишлаган, мумтоз мусиқанинг пири ва билимдонига айланган устоз бўлса, Ўзбекистон давлат филармониясининг “Бек” миллий доирачилар гуруҳи бадиий раҳбари Элмурод Исломов доира ижрочилигига оид миллий санъатимизни кўз қорачиғидек асраш йўлида минглаб шогирдларни тарбиялаган фидойи санъаткордир.
Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув даври миллий маънавиятимизни асраб-авайлашда ижод аҳлининг янада фаол ва фидойи бўлишини талаб этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг эътибори ва ғамхўрлиги эса бу йўлда мамлакатимизнинг виждони уйғоқ ижодкорларини янгидан-янги марралар сари руҳлантириши аниқ. Зеро, эъзоз бор жойда – маънавият тирик.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири