Эзгуликка йўғрилган амаллар бардавом
Юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётган Наврўзи Оламни чин маънода меҳр-мурувват ва саховат байрами десак, адашмаймиз. Байрам муносабати билан хайру саховатга йўғрилган амаллар янада кенг қулоч ёзади.
Жумладан, умумхалқ байрамларида Мурувват ва Саховат уйлари, махсус мактаб-интернатлари тарбияланувчиларига байрамона кайфият улашиш, эҳтиёжманд, бемор, кекса ва меҳнат фахрийларини йўқлаш Олмалиқ кон-металлургия комбинатида анъанага айланган.
Айниқса, махсус интернат тарбияланувчилари бўлган болажонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишнинг, уларнинг қувончига шерик бўлишнинг савоби ўзгача.

Олмалиқ шаҳридаги Тошкент вилояти 80-сонли имконияти чекланган болалар махсус мактаб интернати 1961 йилда ташкил топган бўлиб 360 ўринга эга.
Бугунги кунда муассасада ҳудудлардан келишган 172 нафар ўқувчи тарбияланмоқда.
Болаларга махсус дастурлар асосида коррекцион фанлардан дарс берилади. Ўқитувчиларнинг барчаси сурдо бўйича мутахассис.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан мактаб-интернатига доимий ҳомийлик ёрдамлари кўрсатиб келинади.

Ҳар байрамда болалар учун дастурхон безатилиб, совғалар улашилади. Жорий ўқув йилида комбинат томонидан ўқувчиларга мактаб формалари ҳадя қилинган эди.
Наврўз байрами муносабати билан комбинат Саноат темирйўл транспорти бошқармаси томонидан мактабда ташкил этилган байрам дастури интернат тарбияланувчилари учун қувонч ва шодликка бой бўлди. Байрам дастурхони атрофида жамул-жам бўлган ўғил-қизларнинг беғубор нигоҳларидаги миннатдорлик туйғулари яхшилик ва яхши амалнинг нақадар ёқимли эканини эслатади.
ОКМК Ахборот хизмати