Эзгу ишлар узоқ яшагай...
Пандемия орага тушмаганида ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника институти ташкил бўлганининг 80, Ўзбекистон Миллий Гербарийсининг эса 100 йиллиги тантана қилинарди. Бу муносабат билан катта тайёргарлик ишлари амалга оширилган эди, афсуски, байрам номаълум муддатга ортга сурилди.
Таъкидлаш жоизки, узоқ йиллар давомида олимларимиз ботаника соҳасининг турли йўналишларида илмий тадқиқотлар олиб бориб, бу соҳада алоҳида мактаблар яратишди, ўзларидан етук шогирдлар, бебаҳо асарлар, монографиялар қолдирдилар. Ана шундай фидойи олимларимиздан бири, биология фанлари доктори Каримжон Тойжоновнинг умр ва илм йўли бунга ёрқин мисолдир.
Каримжон Тойжонов меҳнат фаолиятини 1962 йилда ТошДУнинг Юксак ўсимликлар кафедрасида лаборантлик қилишдан бошлаган. 1963 -1966 йиллари Ўзбекистон Фанлар Академияси Ўсимликлар кимёси институтида аспирант, кейинчалик кичик илмий ходим, катта илмий ходим, 1977 йилдан Доривор ва техника ўсимликлар лабораториясининг мудири, 1983 йилдан то 1990 йилга қадар катта илмий ходим лавозимида фаолият кўрсатган. 1990-1993 йилларда ЎзРФА Ботаника институти Юксак ўсимликлар флораси ва систематикаси лабораториясида катта илмий ходим, 1994 йилдан эса мазкур институтда Ўсимликлар муҳофазаси лабораториясининг мудири, 1995 йилдан Тошкент Фармацевтика институти Ботаника кафедрасининг мудири, 1996 йилдан ЎзРФА Ботаника институтида флора ва систематика лабораториясига мудирлик қилган.
1968 йилда «Олойнинг алкалоидли ўсимликлари» деган мавзуда номзодлик ва 1994 йилда «Марказий Осиё тоғларининг алкалоидли ўсимликлари» мавзусида докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилган. 200 дан зиёд илмий, 20 дан ортиқ илмий-оммабоп мақолалар ва монографиялар муаллифи.
Тадқиқотлари Марказий Осиё парпиларининг тарқалиши, уларнинг табиатдаги захиралари, уруғидан ва илдизидан кўпайтириш усуллари, тарқалиши каби назарий масалаларни ўрганиш ҳам муаллифнинг илмий изланишларига киради. Шифобахш дорилар манбаи Оқдаҳанли парпининг Тян-Шан ва Жунғор Олатовида тарқалиши ва унинг табиий захираларини аниқлашда ҳамда бу ўсимликнинг табиий захираларидан унумли фойдаланиш, уларни йиғиш ва қуритишга бағишланган қўлланмалари доривор ўсимликларни йиғувчи ташкилотлар учун асосий дастур сифатида қабул қилинган. У юрак аритмиясини даволашга тавсия этилган Аллапинин номли янги дорининг ижодкорларидан биридир. Бу дори 1986 йилдан бошлаб Тошкент ва Чимкент дори заводларида ишлаб чиқарилмоқда.
Каримжон Тойжонов Ўсимликлар моддалари кимёси институти ва Ботаника институтида фаолият олиб борган йилларида Ўрта Осиёнинг юксак тоғлари – Помир, Тян-Шан, Бишкек-Ўш тоғ йўллари, Каркара водийси, Иссиқкўл бўйлари, Ғарбий Тян-Шаннинг Қоратоғ, Талас, Коржонтоғ, Угом, Писком, Қурама тоғлари ҳам сувсамир ва Чўнгкелин водийлари, Қизилқум ва Қорақум саҳроларини кезиб чиқди. Ўзбекистон Миллий гербарийси ноёб илмий объектида олим томонидан йиғилган гербарий намуналари нусхалари салмоқли ўрин эгаллайди.
Каримжон Тойжонов хотираларидан бир лавҳа: «Ўрта Осиё шимолий тоғ ҳудудларининг энг баланд тоғлари, Қорақум ва Қизилқум чўлларини кезиб чиқардик. Бу, ҳар йили, 5- 6 минг километр йўлни босиб ўтиб, ҳаётингни минг бир хавф-хатарга қўйиш, деганидир. Бир кетганда, 5 – 6 ойлаб кетардик. Тоғ шароитида баъзан 2-3 кунлаб ёмғир, гоҳо эса қор ҳам ёғарди. Ўшандай кунларда узу-кун чодирларда ўтириб турли китобларни титкилаб, ҳаво очилишини кутардик. Кейин, йиққан ўсимликларни минг бир машаққат билан қуритардик...
Каримжон устози, ЎзРФА академиги, Республикада хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати, Меҳнат қаҳрамони, «Д. И. Менделеев олтин медали» совриндори, кимё фанлари доктори, профессор, ЎзРФА Ўсимлик моддалари кимёси институтига чорак аср раҳбарлик этган Собиров Юнусов ҳақида шундай ҳикоя қилади: «Собир ака ёши 50 лардан ошган, бир оёғи уруш йиллари ярадор бўлганлиги сабаб оқсоқланиб юришига қарамай ҳар куни биз шогирдлари билан 10 – 15 чақирим йўлни пиёда, олисроқ бўлса, уловда босиб ўтарди. Домла кимёгар бўлса ҳам, кўп йиллардан бери ўсимликлар олами билан машғул бўлганликлари сабаб, учраган гиёҳни, олар эдиларда, «Бугун шу ўсимликни йиғамиз», дердилар. Ўсимлик тури таркибида қандай моддалар бўлиши мумкинлигини олдиндан биладигандек эди». Эслаб, ўйга толаман: «Луқмони Ҳаким гиёҳлар тилини билар, йўлда ўтиб кетаётганда, ҳар бир гиёҳ мен фалон дардга давоман» дея шивирлар экан.
Биз имкон қадар домла айтган ўсимликнинг илдизи ёки устки қисмини йиғиб, уни қўналғага олиб келиб, майдалаб, қуритиш учун ёйиб қўярдик. Аксарият ишимиз чодирдан узоқда бўлганлиги сабаб, тушлик учун егулик, чой қайнатиш учун қумғон олардик. Тушликка келганимизда домла аллақачон қумғонда чой қайнатиб, дамлаб, ичига новвот ҳам солиб қўярдилар. У кишининг чой қайнатиш усули ҳам ўзига хос – бир текис тошни топар эдида, устига сув тўлатилган қумғонни қўйиб, атрофига ўтин қалаб, олов ёқардилар. Кечки овқатдан кейин бир айланиб келардиларда, барвақт ётиб ухлардилар. Собир аканинг хизмати беқиёс эди. У Тошкент ва Чимкентда дори заводларини йўлга қўйган. Албатта бу айтишга осон, битта дорини кашф этиб, уни тиббиётга қўллаш даражасига етказиш ўртача 12 -15 йиллаб вақтни олиши назарда тутилса, бир институтда 20 дан ортиқ дориларни клиник шароитда текширишгача олиб боришга сарф этилган инсон умри йиғиндиси асрларга татийди.
Таъкидлаш жоизки, Собир Юнусов гарчи Каримжон акани номзодлик ёки докторлик илмий ишларига бевосита раҳбарлик қилган ёки илмий маслаҳатчи бўлмасалар-да, чорак аср мобайнида илмий экспедицияларда бирга ҳамроҳ бўлиб, бирга ҳамнафас бўлиб, илмнинг машаққатли, оғир ва синовли йўлларида ҳамиша ёнма-ён бўлганлар. Собир Юнусов илм билан астойдил шуғулланаман деган ёшларга қўлидан келган ёрдамини аямасди. Шахсан мен ҳам домла туфайли алкалоидли ўсимликларни ўрганиш мақсадида Ўрта Осиёни то шимолий ҳудудларигача бўлган тоғ ва чўлларини кезиб чиқдим. Собир Юнусов, мени 25 ёшимданоқ катта илмий экспедицияларга раҳбар қилиб қўйган эди. Мен ана шундай экспедицияларни қарийб 30 йиллар мобайнида бошқарганман.
Ҳа, Каримжон Тойжонов наинки ботаник, флорист, систематик, захирашунос олим, балки ўз миллатининг тарихини, этнографиясини билимдони, тарғиботчиси ҳам эди десам, асло муболаға бўлмайди. Ўзбекистон ўсимликлар дунёсининг пайдо бўлиши ва ривожланиши узоқ ўтмишни ўз ичига олади. Унинг ўрганилиши эса Туркистон халқларининг тарихи билан уйғунлашиб кетган. Жумладан, фойдали ўсимликларни ўрганишга Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк сиймолар ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшганлар. Буюк аллома Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Берунийнинг илмий меросидан бўлган «Сайдана» («Китаб ас-Сайдана фит-т-тиб») китобида келтирилган 1116 та фаслда баён этилган доривор маҳсулотларнинг 880 хилини ўсимликлар ва уларнинг аъзолари ташкил этган. Ана шулар асосида 2011 йилда «Сайдана» дурдоналари монографияси ҳамкорликда нашр этилди. Абу Райҳон Беруний асарида қайд этилган 880 тур доривор ўсимликларнинг айнан, Ўзбекистонда 81 оила, 193 туркумга мансуб 223 тури ўсишини аниқлаб, уларнинг ботаник тавсифи, экологияси, кимёвий таркиби, ишлатилиши, лотинча, русча, ўзбекча илмий номларини батафсил келтирди.
Олим, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 530 йиллиги муносабати билан 2014 йилда нашр этилган «Бобурнома»энциклопедияси»ни тайёрлашда ҳам фаол иштирок этди. Ботаника ўсимликларга оид қисмини моҳирона ёзиб, ҳар бир ўсимлик турларини (иллюстрациялар) фотосуратлари билан келтирганлар. Домла булар ҳақида тўхталиб шундай деган эди: «Бобур Мирзо буюк шоир, адиб, лашкарбоши ва давлат арбоби бўлибгина қолмай, инсон ва табиат гўзаллигини мадҳ этувчи шахс ҳам бўлган эканлар». Табиат ошуфтаси бўлган З.М.Бобур «Бобурнома»да нафақат Фарғона водийси шаҳарлари, Самарқанд атрофи, балки Кобул ва Ҳиндистоннинг ҳайвонот дунёси ва набототнинг ҳам кўп тасвирлаган. «Бобурнома»да бир юз элликдан ортиқ мева-чевалар, полиз экинлари, ёввойи ва маданий ўсимликлар номи ўзбек, ҳинд, араб тилларида келтирилган.
Кейинчалик – 2016 йилда олимнинг «Ўзбекистон доривор ўсимликлари лотинча номларининг этимологик луғати» китоби нашрдан чиқди. Бу луғатда Ўзбекистонда ўсадиган 360 дан зиёд доривор ўсимликлар (альфавит бўйича жойлаштирилиб) номи, тарқалиши,
улардан олинган дорилар (препаратлар) номи, ўсимликларни хом ашёлари (илдизи, ер устки қисми, барглари, гули, меваси (дони), пўстлоғи ва ҳоказо, кимёвий таркиби, доривор маҳсулоти (илмий ва маҳалий номлари), уларнинг ишлатилиши аниқ батафсил келтирилган.
Умр – оқар дарё. Вақтни жиловлаб бўлмайди. Устоз бугун орамизда йўқ. Аммо у киши қолдирган эзгу ишлар ҳали узоқ-узоқ йиллар яшагай ва хизмат қилгайдир...
Марҳамат Матвафаева, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси
Ботаника институти, Ўзбекистон Республикаси Миллий гербарийси етакчи мутахассиси, биология фанлари номзоди