"Euronews" Паркент узумидан Сурхондарё бодомигача сўз юритди
“Euronews” Ўзбекистоннинг мавсумий ҳосили, қишлоқ хўжалиги ва агротуризм салоҳиятига бағишланган мақола эълон қилди.
“Ердан дастурхонгача: Ўзбекистоннинг мавсумий ҳосили изидан” номли материалда мамлакатнинг турли ҳудудларидаги ҳосил мавсуми, фермер меҳнати ва қишлоқ ҳаётига алоҳида эътибор қаратилган.
Нашр Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги узумзорни мисол қилиб, 2006 йилда ташкил этилган Искандар Ўрмоновнинг оилавий узумзори ва унинг органик ишлаб чиқаришга ўтиш режалари ҳақида ҳам сўз юритган. Узумнинг “Тоифи”, “Ризамат” ва “Кишмиш” каби навлари ҳақида маълумот берилган.
Шунингдек, “Euronews” Жиззахдаги қовун-тарвуз етиштириш жараёнига ҳам алоҳида тўхталган. Муаллиф “Мирзачўл қовуни”нинг ўзига хос таъми, фермерларнинг янги нав устидаги ишлари ва “бир дала – бир маҳсулот” усулини жорий этиш жараёнини қайд этган. Маҳаллий аҳоли қовун-тарвуз танлашдаги анъанавий тажрибаси ҳам материалдан ўрин олган.
Сурхондарё ҳақидаги қисмида эса вилоятнинг илиқ иқлими туфайли мева эртароқ етилишига эътибор қаратилган. Нашр 10 гектарлик боғда етиштирилаётган олма, шафтоли, олхўри, узум, шунингдек, томчилатиб суғориш ва асаларидан фойдаланиш тажрибасини келтирган. Мақолада Сурхондарёда бодом етиштириш ривожланиб бораётганига урғу берилган. Минглаб гектар майдонда бодомзор барпо этилгани, ҳосилнинг қарийб 70 фоизи экспорт қилинаётгани таъкидланган.
Д.ҲАКИМОВ, ЎзА