Эстафета байроғи Жиззах вилоятида
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун юртимизда ҳар йили кенг нишонланиб келади.
Мазкур байрам муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” умуммиллий байроқ эстафетасининг навбатдаги манзили — Жиззах вилояти бўлди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу маънавий тадбирда юртимиз байроғи Самарқанд вилоятидан қабул қилиниб, Ғаллаорол туманидаги “Agro In Vitro” компаниясида ҳилпиради. Эстафета байроғини қарши олиш маросимида ёшлар, фаоллар ва маҳалла аҳолиси иштирок этди.
Вилоятнинг шаҳар ва туманларида давом этган эстафета аҳолининг катта қизиқиши ва эҳтиромига сабаб бўлди.

Айдар–Арнасой туристик маскани ҳам байроқ эстафетасини кўтаринки руҳда қарши олди. Тадбир доирасида ватанпарварлик қўшиқлари янгради, давлат рамзларига бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилди, иштирокчиларга Ўзбекистон байроғининг тарихий аҳамияти ва рамзларининг мазмун-моҳияти юзасидан маълумотлар берилди.

Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов шоҳкўчаси бўйлаб ўтган сафда ўқувчилар, талаба-ёшлар, ҳарбийлар ва ҳарбий оркестр ҳам иштирок этди.
Эстафета байроғи автокарвон ҳамроҳлигида Жиззах шаҳри орқали Зомин туманига йўл олди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари